Суннатулла Анорбоев 1949 йилдан бошлаб кўп йиллар мобайнида республика газеталари, “Шарқ юлдузи” журнали, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат ҳамда “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётларида самарали меҳнат қилди.
Суннатулла Анорбоев ўз ижодий фаолиятини 1950 йиллардан бошлаб, илк ҳикояларини республика матбуотида эълон қилди. 1958 йилда дастлабки ҳикоялар тўплами босилиб чиқди. Қарийб ярим асрлик қизғин ва серқирра ижодий фаолияти мобайнида Суннатулла Анорбоевнинг “Оқсой” (1962), “Сайли” (1979) романлари, “Меҳр”, “Умр”, “Сайрибоғ”, “Сузиб борар архарлар”, “Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари” каби қиссалари, кўпгина ҳикоя ва очерклар китоблари чоп этилди. Айниқса, ёзувчининг “Оқсой” романи, “Умр” қиссаси, “Устоз ва унинг халфа шогирдлари” бадиий очерки, олимлар ва чўпонлар ҳаётидан ёзилган бошқа бир қатор очерк ва мақолалари китобхонларда катта қизиқиш уйғотди, ўзбек адабиёти тарихида ўзига хос ўрин эгаллади. Адибнинг баъзи бир асарлари қардош халқлар тилларида ҳам чоп этилган.
Мустақиллик йилларида Суннатулла Анорбоевнинг кўп йиллик ижодий меҳнати юксак баҳоланиб, адиб 1999 йили “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган эди.