Зулфия (тахаллуси; тўлиқ исм шарифи Зулфия Исроилова 01.03.1915 Тошкент –01.08.1996) – таниқли ўзбек шоираси, журналист, таржимон, жамоат арбоби. Ўзбекистон халқ шоираси(1965). Меҳнат Қаҳрамони (1984). Зулфия 1915- йилнинг 1-мартида Тошкент шаҳрида Исроил темирчи оиласида туғилди. 1922-йилдан 1931-йилгача мактабда, сўнг 1931 – 1934-йиллар орасида қизлар билим юртида таҳсил олди.
Меҳнат фаолиятини жуда эрта бошлаган шоира деярли бир умр журналистика ва нашриёт соҳасида ишлади. У 1935 – 1938- йилларда Ўзбекистон Фанлар қўмитаси қошидаги Тил ва адабиёт институти аспиранти, 1938-йилдан Болалар нашриёти муҳаррири, Ўзбекистон давлат нашриётида бўлим мудири (1941-1950), 1953- йилгача «Саодат» журналида бўлим мудири, 1953- йилдан то 1980-йилга қадар, салкам ўттиз йил давомида, шу журналнинг Бош муҳаррири лавозимида ишлаб келди.
Машҳур ўзбек шоири Ҳамид Олимжоннинг турмуш ўртоғи, ўзига хос шеьрияти билан минглаб китобхонлар қалбини ром этган талантли шоира Зулфия 1996-йилнинг 1-августида вафот этди.
