ТУРКИСТОН АВТОНОМ СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ (ТАССР) – 1917 йил октябрда Туркистонда совет тузуми ўрнатилгандан кейин большевиклар томонидан тузилган ва РСФСРга кирган автоном республика (1918-1924). Майдони 1 млн. 324 минг 994 кв. км. Аҳолиси 5 млн.дан зиёд киши (1922). Маъмурий маркази – Тошкент шаҳри бўлган.
Туркистон ўлка советларининг V съезди (1918 йил 20 апрель – 1 май)да 30 апрель куни Россия Совет Федерациясининг Туркистон Совет Республикаси (ТСР) деган ном билан ташкил этилади. Ушбу съездда унинг олий органлари: Туркистон Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси (Туркистон МИК) ва Туркистон Республикаси Халқ Комиссарлари Совети (Туркистон ХКС) тузилади. Республика БХСР, ХХСР, Қозоғистон АССР, Афғонистон, Эрон ва Хитой давлатлари билан чегарадош бўлган.
Республика сиёсий ҳаётида 1918 йил июнь ойида тузилган Туркистон Коммунистик партияси – ТКП муҳим роль ўйнаган. Ижро қилувчи ва бошқарувчи олий орган ТССР ХКС саналса-да, бироқ амалда ҳокимият РСФСРнинг Тошкентдаги фавқулодда органлари Туркистон Комиссияси, РКП(б) МК Туркистон бюроси (Туркбюро), кейинчалик РКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси (Средазбюро), Туркистон фронти қўлида бўлган. 1920 йилгача маҳаллий миллат вакиллари республика олий раҳбарияти таркибига киритилмаган. Кейинчалик Т.Рисқулов, Н.Тўрақулов, Қ.Отабоев, А.Раҳимбоев, И.Хидиралиев, Р.Исломов, Н.Айтоқов ТССР раҳбарлари бўлишган.
1924 йилнинг ноябрь ойининг охирларида Ўрта Осиёда ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланиш натижасида ТАССР тугатилиб, унинг ҳудуди янги тузилган Ўзбекистон ССР, Туркманистон ССР, Тожикистон АССР, Қирғизистон Мухтор вилояти ва Қозоғистон АССР таркибига киритилади.
ХОРАЗМ ХАЛҚ СОВЕТ РЕСПУБЛИКАСИ (ХХСР) (1920-1924) – Туркистон Генерал губернаторлиги тугатилиб, унинг ўрнида Туркистон Автоном Совет Республикаси ташкил этилгач, большевиклар Россия андозасидаги “халқ инқилоби”ни Туркистонда амалда бўлиб келаётган хонликларга ҳам жорий қилишни (аниқроғи уни экспорт қилишни) кўзлай бошлади. Шу мақсадда, 1920 йил 2 февралда Хива хонлигида ҳам сунъий инқилоб амалга оширилиб, охирги Хива хони Саид Абдуллахон ҳокимияти ағдариб ташланди ва 1920 йил 26 апрелда Хоразм Халқ Совет Республикаси (ХХСР) эълон қилинди. Майдони 62.200 км кв, аҳолиси 550 минг кишини ташкил этган (1920) 15 кишидан иборат ХХСР ҳукумати – Халқ Нозирлар Кенгаши тузилди (раис П.Юсупов). ХХСРда янги Конституция қабул қилиниб, кенг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Лекин бу ислоҳотлар мавжуд ижтимоий-сиёсий вазиятдан келиб чиқиб эмас, балки большевиклар андозаси ва кўрсатмаси асосида кўр-кўрона амалга оширилгани боис аксарият ҳолларда тескари натижаларни берди. ХХСР 1924-25 йилларда ўтказилган маъмурий-ҳудудий давлат чегараланиши натижасида тугатилиб, янги тузилган ЎзССР таркибига қўшиб юборилди.
БУХОРО ХАЛҚ СОВЕТ РЕСПУБЛИКАСИ (БХСР) – Бухоро Амирлигида амир ҳокимияти ағдарилгач, 1920 йил 2 сентябрда Большевиклар андозасида ташкил этилган Республика. 1921 йил сентябрь ойида БХСР Конституцияси қабул қилинди. БХСРда кенг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Лекин бу ислоҳотлар мавжуд ижтимоий-сиёсий вазиятдан келиб чиқиб эмас, балки Москва большевиклари андозаси ва кўрсатмаси асосида кўр-кўрона амалга оширилгани боис, аксарият ҳолларда тескари натижаларни берди. БХСР 1924-25 йилларда Туркистонда ўтказилган маъмурий-ҳудудий давлат чегараланиши муносабати билан тугатилиб, янги ташкил этилган Ўзбекистон Совет социалистик Республикаси таркибига киритилди.
Туркистонда Миллий-ҳудудий давлат чегараланиши — Туркистон халқларининг азалий бирлиги ва яхлитлигини барбод қилиш мақсадида Москва большевиклари томонидан 1924-1925 йилларда ўтказилган тадбир. “Улар бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил!” шиорига амал қилиб Туркистон ўлкасидаги тарихи, дини, маданияти ва тақдири муштарак бўлган халқларни бир биридан ажратиб ҳар бирига мустақил Республика мақомини бериб улар устидан назоратни мустаҳкамлаш учун амалга оширилган сиёсат эди. Маҳаллий давлат арбоблари (Т.Рисқулов, С.Хўжанов, С.Асфандиёров) ларнинг Туркистон ягона, бир бутун ва унинг яхлитлигини бузиш мақсадга мувофиқ эмас деб Москвага бир неча бор мурожаат қилишларига қарамай уларнинг ташаббуслари инобатга олинмади. Миллий ҳудудий чегараланиш натижасида Туркистонда Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (ЎзССР), Туркманистон Совет Социалистик Республикаси (ТССР), кейинроқ эса Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Автоном Совет Социалистик Республикалари ташкил этилди.
Ўзбекистон ССР — 1924-1925 йилларда Москва кўрсатмаси билан ўтказилган маъмурий-ҳудудий давлат чегараланиши оқибатида 1925 йил 13 февралда Бухорода Умумўзбек советларининг I қурилтойида Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси ташкил этилади. 1927, 1937 ва 1978 йилларда қабул қилинган ЎзССР Конституцияларида Ўзбекистонннинг давлат мустақиллиги, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқлари ёзиб қўйилган бўлсада, Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаёти тўлиқ “Марказ” ва Компартия назоратига олинди. Шунинг учун ҳам ЎзССР мавжуд бўлган 1925-1991 йиллар тарихшуносликда қарамлик йиллари деб юритилади.
Тоталитаризм (лот. totalis – бутун, ҳаммаси, тўла) – бир шахс, ижтимоий синф ёки гуруҳнинг (масалан, ҳарбийлар гуруҳи) яккаҳокимлигига сўзсиз бўйсунишга асосланган, вақтинча ва ўткинчи сиёсий тартиб, давлатни бошқариш шаклларидан бири. Тоталитар давлат бошқарув шакли жорий қилинган мамлакатларда жамият ҳаётининг барча соҳалари устидан давлат ҳокимият органлари тўлиқ назорати ўрнатилади. Сиёсий эркинликлар бўғилиб, оммавий ахборот воситаларига цензура (давлат назорати) ўрнатилади. Эркин фикр таъқиқланади ва қатағон қилинади.
Назарий асарларда, тарғибот ва ташвиқот воситаларида социализм тарихда энг демократик, ҳуқуқий ва халқпарвар жамият дейилган бўлса ҳам, ҳаёт у тоталитаризмнинг шаклларидан бири эканлигини кўрсатди. XX асрда Германияда фашистлар, Италияда Муссолини, Испанияда Франко, Хитойда Мао Цзедун, Чилида Пиночет диктатураси давридаги тоталитар тузум ижтимоий-сиёсий ҳаётга қанчалик зарар етказган бўлса, собиқ СССРда социализм қуриш жараёнидаги пролетариат диктатураси ҳам шунчалик зарарли оқибатларни келтириб чиқарган эди.
Компартия (Комфирқа) – Собиқ Шўролар давлатида ижтимоий, сиёсий, маданий, ғоявий ва мавкуравий ҳаётнинг барча соҳаларини ўз исканжасига олган партия. Бу партия 1898-1917 йилларда РСДРП, 1917-1918 йилларда РСДРП (б), 1918-1925 йилларда РКП (б), 1925-1952 йилларда ВКП (б), 1952-1991 йилларда КПСС деб қисқартма номлар билан юритилган
Ўзбекистон Компартияси МК нинг 1-котиблари
В.Иванов 1925-1927
Н.Гикало 1928-1929
А.Икромов 1929-1937
У.Юсупов 1937-1950
А.Ниёзов 1950-1955
Н.Муҳитдинов 1955-1957
С.Камолов 1957-1959
Ш.Рашидов 1959-1983
И.Усмонхўжаев 1983-1988
Р.Нишонов 1988-1989
И.Каримов 1989-1991
Авторитар сиёсий режим (лот.au(c)toritas — ҳокимият, нуфуз, эътибор, обрў) — оммани шахсий ва давлат ҳокимиятига сўзсиз итоат қилдириш. Давлат бошқарувидаги авторитаризм бир киши (монарх, диктатор, доҳий)нинг мустабид ҳокимиятига асосланади. Одатда авторитар бошқарув усули демократия принципларига зид ҳисобланади. Унда давлат раҳбарининг шахсий нуфузи, обрў-эътиборига таяниб ҳокимият юритилади.
Бюрократия (фр.bureau — канцелярия, девонхона, юнон. kratos-ҳукмронлик) — давлат ва жамиятни халқдан ажралган ҳолда у билан ҳисоблашмасдан маъмурий буйруқбозлик йўли билан бошқариш усули. Бюрократик бошқарувда халққа берилган ваъдалар фақат қоғозда қолиб кетиб, у ҳеч қачон амалда бажарилмай қолади. Ана шу қоғозбозлик ва тўрачилик маъмурий бошқарув тузилмалардан тортиб ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларига кириб боради. Ҳукумат ва юқори ташкилотларнинг буйруқ-кўрсатмалари амалда бажарилмаган бўлса ҳам қоғозда бажарилган қилиб кўрсатилади. Қоғозда акс эттирилган кўрсаткичлар ва ютуқлар ҳаётга тадбиқ этилмайди.
Собиқ Шўролар давлатида бюрократизм бу капиталистик жамиятга хос хусусият, социалистик тузумда бюрократизмга йўл қўйилмайди деб баландпарвоз шиорлар илгари сурилган бўлсада буюрократиянинг асл кўринишлари айнан шўролар жамиятида гуллаб яшнади.
жамоалаштириш (Коллективлаштириш) – қишлоқ хўжалигида мулкдорлар табақасини тугатиш мақсадида совет ҳукуматининг 1929-1933 йилларда ўтказган сиёсати. Унга кўра хусусий тадбиркор ва ўзига тўқ деҳқон хўжаликларига қарашли ерлар давлат фойдасига тортиб олиниб, уларнинг ўрнида давлат хўжаликлари (совхоз) ва жамоа хўжаликлари (колхозлар) ташкил этилди. Ери тортиб олинган заминдорлар, бой деҳқон хўжаликлари, ўзига тўқ хонадон соҳиблари колхозлаштиришга қарши чиқиши мумкин деб, ички ишлар ходимлари томонидан халқ душмани деб эълон қилиндилар. “Қулоқ” қилинганлар Украина, Сибир ва Қозоғистоннинг одам яшамайдиган чўлларига, ўрмонларга сургун қилинди. “Меҳнаткашлар учун” амалга оширилган жамоалаштиришнинг мамлакат хўжалиги учун ютуғидан кўра зарари кўпроқ бўлиб чиқди. Чунки бу тадбир ўзбек халқининг ер мулкчилиги билан боғлиқ бир неча минг йиллик тарихий анаъанасига тамомила зид амалиёт эди. Шунинг учун ҳам жамоалаштиришга қарши норозиликлар аксарият ҳолларда сиёсий тус ҳам олган эди.
ОГПУ (Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси) — СССР Халқ Комиссарлар Кенгаши ҳузурида 1923-1934 йилларда фаолият кўрсатган давлат ҳавфсизлигини қўриқлаш идораси. Кейин НКВД таркибига киритилиб, Давлат ҳавфсизлиги Бош бошқармаси деб ўзгартирилган.
Қулоқлар — қишлоқларда ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашган деҳқонлар ва ер эгалари шўролар томонидан муштумзўрлар- қулоқлар (русча “кулак”) деб аталганлар.
Қулоқ хўжаликлари — инқилобга қадар қишлоқ хўжалигида ёлланма меҳнатдан фойдаланиб хўжалик юритувчи йирик деҳқон хўжаликлари. Бундай йирик хўжаликлар 1861 йил Россияда крепостной ҳуқуқнинг бекор қилиниши туфайли айниқса тез ривожлана бошлаган эди. Улар қишлоқда ўз хўжаликларини бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда юритувчи ишбилармон-соҳибкорлар бўлишган. Бундай хўжаликларда ёлланиб ишловчи деҳқонлар аксарият ҳолларида ўз меҳнати самарасидан манфаатдор бўлганлар.
Инқилобдан кейин бундай хўжаликлар чор (подшо) ҳукуматининг қишлоқлардаги таянчи ва меҳнаткаш деҳқонларни эзувчи синф сифатида таъқиб остига олиниб, қатағон қилинганлар. 1929 йилдан бошланган жамоалаштириш сиёсати натижасида 30-йилларнинг бошига келиб қулоқ хўжаликлари бутунлай тугатилди.
ЎзССР Халқ Комиссарлари Советининг раислари:
Ф.Хўжаев 1925-1937
А.Каримов 1937
С.Сегизбоев 1937-1938
А.Абдураҳмонов 1938-1946
ЎзССР Министрлар Советининг раислари:
А.Абдураҳмонов 1946-1950
А.Мавлонов 1950-1951
Н.Муҳипгдинов 1951-1953; 1954-1955
У.Юсупов 1953-1954
С.Камолов 1955-1957
М.Мирзааҳмедов 1957-1959
О.Алимов 1959-1961
Р.Қурбонов 1961-1971
Н.Худойбердиев 1971-1984
Ғ.Қодиров 1984-1989
М.Мирқосимов 1989-1990
ЎзССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг раиси:
И.Каримов 1990 й. 1 нояб.дан
ЎзССР Марказий Ижроия Қўмитаси раиси:
Й.Охунбобоев 1925-1937
ЎзССР Олий Совети Президиуми раислари:
Й.Охунбобоев 1937-1943
А.Мўминов 1943-1947
А.Ниёзов 1947-1950
Ш.Рашидов 1950-1959
Ё.Насриддинова 1959-1970
Н.Матчонов 1970-1978
И.Усмонхўжаев 1978-1983
О.Салимов 1983-1986
Р.Нишонов 1986-1988
П.Ҳабибуллаев 1988-1989
М.Иброҳимов 1989-1991
10-илова
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши
Вилоятлар | Ташкил этилган санаси | Худуди | Ахолиси (минг киши) | Туманлар сони | Маъмурий маркази |
Бухоро | 1938 й. 15 январь | 40,3 | 1385,3 | 11 | Бухоро |
Самарқанд | 1938 й. 15 январь | 16,8 | 2595,4 | 16 | Самарқанд |
Тошкент | 1938 й. 15 январь | 15,6 | 4455,1 | 15 | Тошкент |
Фарғона | 1938 й. 15 январь | 6,8 | 2597,7 | 15 | Фарғона |
Хоразм | 1938 й. 15 январь | 6,1 | 1278,9 | 10 | Урганч |
Андижон | 1941 й. 6 март | 4,2 | 2121 | 15 | Андижон |
Наманган | 1941 й. 6 март | 7,44 | 1863,9 | 11 | Наманган |
Сурхондарё | 1941 й. 6 март | 20,1 | 1670,4 | 14 | Термиз |
Қашқадарё | 1943 й. 20 январь | 28,6 | 2079,1 | 14 | Карши |
Сирдарё | 1963 й. 16 февраль | 5 | 652,1 | 9 | Гулистон |
Жиззах | 1973 й. 29 декабрь | 20,5 | 928,3 | 11 | Жиззах |
Навоий | 1982 й. 20 апрель | 111 | 771,1 | 8 | Навоий |
Қорақал-тон | 1925 й. 16 февраль | 166,6 | 1462,3 | 15 | Нукус |
Ўзбекистон | 1925 й. 13 февраль | 447,4 | 27 млн | Тошкент |
Ўзбекистонда ташкил этилган янги шаҳарлар
Ангрен – 1946 Андижон – IX аср Асака – 1938 Бахт – 1947 Бекобод – 1945 Беруний – 1962 Бешариқ – 1983 Бешкент – 1977 Бойсун – 1975 Булунғур – 1973 Бўка – 1967 Бўстон – 1979 Вобкент – 1981 Гагарин – 1974 Газли – 1958 Гулистон – 1961 Даштобод – 1974 Денов – 1958 Дўстлик – 1971 Жарқўтон – 1973 Жиззах – V-X асрлар Жомбой – 1977 Жума – 1973 Зарафшон – 1972 Иштиҳон – 1943 Калас – 1976 Каттақўрғон – 1865 Китоб – 1934 Когон – 1929 Косон – 1971 Косонсой – 1973 Манғит – 1973 Марғилон – X аср Маржонбулоқ – 1976 Марҳамат – 1974 Муборак – 1974 Мўйноқ – 1963 Навоий – 1958 Наманган – 1610 Нукус – 1932 Нуробод – 1975 Нурота – 1976 | Олмалиқ – 1951 Олот – 1960 Оққўрғон – 1973 Оқтош – 1967 Оҳангарон – 1966 Оҳунбобоев – 1975 Паркент – 1926 Пахтаобод – 1975 Пахтакор – 1977 Пискент – 1981 Питнак – 1974 Пойариқ – 1926 Пойтут – 1980 Поп – 1972 Риштон – 1926 Ромитон – 1926 Солдатский – 1967 Сирдарё – 1971 Талимаржон – 1975 Тахиатош – 1953 Термиз – VII аср Тўйтепа – 1973 Тўрақўрғон – 1974 Тўрткул – 1873 Урганч – 1929 Ургут – 1973 Учқудуқ – 1978 Учқўрғон – 1969 Фарғона – 1877 Халқабод – 1966 Хаққулобод – 1974 Хонобод – 1972 Хўжайли – 1926 Хўжаобод – 1981 Челак – 1973 Чимбой – 1926 Чиноз – 1972 Чироқчи – 1980 Чирчиқ – 1935 Чортоқ – 1976 Чуст – 1969 | Шаҳрисабз – 1929 Шаҳрихон – 1970 Шеробод – 1973 Ширин – 1972 Шорғун – 1973 Шуманой – 1975 Шўрчи – 1976 Яйпан – 1974 Яккабоғ – 1954 Янгийўл – 1934 Янги Нишон – 1975 Янгиобод – 1957 Қамаши – 1974 Қармана – 1966 Қарши – 1926 Қизилтепа – 1972 Қоравулбозор – 1958 Қоракўл – 1951 Қорасув – 1990 Қува – 1974 Қувасой – 1951 Қумқўрғон – 1971 Қўнғирот – 1962 Қўқон – X аср Қўрғонтепа – 1976 Ғазалкент – 1964 Ғаллаорол – 1973 Ғалаосиё – 1982 Ғиждувон – 1972 Ғузор – 1977 Ҳамза – 1974 |
Концентрацион лагерлар – фуқаролардан иборат аҳолини ёки ҳарбий асирларни судсиз-сўроқсиз оммавий равишда қамаш жойларидир. Оддий қамоқ жойларидан фарқли ўлароқ, концентрацион лагерлар уруш даврида, мустабид террор ёки колониал тизим ҳолларида тузилади. Концентрацион лагерларга қамаш жиноий жазо мазмунига эга эмас ва айбдорни қайта тарбиялаш мақсадини кўзламайди. Дастлабки конценрацион лагерлар 1895 йилда испанлар томонидан Кубада мустамлакачиларга қарши қўзғолон бошланган пайтда вужудга келтирилган эди. Россияда концентрацион лагерлар 1918 йил сентябрида РСФСР ХКСнинг “қизил террор тўғрисида”ги қарори билан вужудга келтирилган эди. Кейинчалик улар махсус лагерлар, 30, 40, 50-йиллардаги қатағон даврида эса ГУЛАГ деб ном олиб жуда кенг тарқалди. Концентрацион лагерларда сақлашнинг асосий мақсади сиёсий ғанимларни оммавий равишда йўқ қилиш ҳисобланган.
Репрессия (лот.repressio — эзиш) – давлат органлари томонидан қўлланиладиган қийноққа солиш тартиби, жазолаш, қувғин, қатағон, зулм.
Сиёсий қатағонлар — давлат бошқарувида реакцион тозалаш ишларини амалга ошириш. Бу каби репрессиялар жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари паймол этилиб, ғайриқонуний равишда озодликдан, ҳаётдан маҳрум этишларга йўл қўйилади. Собиқ Иттифоқда 1937-38, 1947 ва 1950 йиллардаги қатағонлар ҳам айнан шу реакцион йўналиш бўйича олиб борилган.
ШовИнизм (французча “chauvinisme” — ашаддий миллатчилик) — XIX аср бошларида Францияда пайдо бўлган “шовинизм” атамаси (Наполеон Бонапарт босқинчилик урушларининг ёрқин тарафдори бўлган аскар Н.Шовиннинг номидан келиб чиққан), эндиликда миллий экстремизмнинг намоён бўлиши маъносида ҳам ишлатилмоқда.
Айниқса буюк давлатчилик шовинизми ҳавфлидир. Чунки, у муайян сиёсий кучларнинг, кўп миллатли давлатлардаги етакчи миллатларнинг бошқа миллатларга нисбатан афзаллиги, устунлиги ғояси асосида мафкуравий, сиёсий, ва иқтисодий ҳукмронлигини билдиради.