Боситхон Зоҳидхон ўғли (1878-1959)


Боситхон Зоҳидхон ўғли (1878-1959)
Боситхон Зоҳидхон ўғли (тахаллуси Ҳақирий) (1878—Тошкент — 1959.22.5) — узбек шоири, таржимон, табиб. Орифжонов босмахонасида мусаҳҳиҳ (1908—18), Чиноз ва Чимкент мактабларида ўқитувчи (1918—30), Шарқ қўлёзмалари институти (ҳозирги Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти)да илмий ходим (1944—53) бўлиб ишлаган.

Ўзбек ва форс тилларида ижод этган, араб тилини яхши билган. Ғазал, мувашшах, мураббаа, мусамман, таржиъбанд, мухаммаслар ёзган. Шеърларидан баёз («Баёзи Ҳақирий», 1936) тузган.


Ғаззолийнинг «Дақоиқ ул-ахбор» («Нозик хабарлар») асарини ўзбек тилига таржима қилиб, нашр эттирган (1907, 1914). Халқ табобатига оид «Қонуни Боситий» ёки «Қонун алмабсут» («Мукаммал қонун», 1942) ва «Истилоҳот ул-атиббо фи интифоъот ал-аҳиббо» («Дўстлар фойдаланадиган тиббий атамалар», 1944) каби асарлар яратган.


Қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. № 126).