Порсо Шамсиев (1897-1972)


Порсо Шамсиев (1897-1972)
Порсо Шамсиев (1897.10.2, Бухоро — 1972.21.3, Тошкент) — навоийшунос ва матншунос олим. Филология фанлари доктори (1970), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1972). Бухоро мадрасаларида таҳсил кўрган.

30-йиларга қадар мадраса, мактаб ва маориф йўналишидаги муассасаларда хизмат қилган. Ўзбекистон Давлат нашриёти (1931—36) ва Ўқувпедагогика нашриёти (1936—40) да муҳаррир, Ўз ФАН нашриётида муҳаррир (1941—45), Тил ва адабиёт интида катта илмий ходим (1945—72).


«Адабиётдан иш китоби», «Адабиёт дарслиги», «Ўзбек тили дарслиги», «Ўқиш китоби» (1- ва 2-китоблар) муаллифи. Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн», «Мажолис ун-нафоис», «Маҳбуб ул-қулуб» ва бошқа асарларининг илмий-танқидий матнини нашрга тайёрлаган ҳамда шоир асарларининг 15 жилдлигини нашр этишда фаол катнашган. «Хамса»нинг илмий-танқидий матнини яратиб, мазкур матн юзасидан амалга оширилган текстологик тадқиқотларини докторлик диссертацияси сифатида ҳимоя этган.


Порсо Шамсиев, бундан ташқари, Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» асарини форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган, Бобурнинг «Бобурнома» (С.Мирзаев билан ҳамкорликда) асарининг илмий нашрини яратган, 5 китобдан иборат «Ўзбек адабиёти» мажмуасини тузиш, таҳрир этиш ва изохлар ёзишда иштирок этган. Ш. Британия музейида сақланаётган ва Абдужамилга нисбат берилган «Туҳфат ул-салотин» асари микрофильмини ўрганиб, унинг Навоий ғазалларидан олинган ва Абдужамил хаттот томонидан кўчирилган шоҳбайтлар эканини ва мавзу бўйича 45 фаслга бўлинганини аниқлаган.


Порсо Шамсиев Ғафур Ғуломнинг 4 жилдли «Танланган асарлар»и ва 2 жилдли «Адабий-танқидий мақолалар»ини ҳам нашрга тайёрлаган. Порсо Шамсиев шунингдек, С.Иброҳимов билан ҳамкорликда «Ўзбек классик адабиёти луғати» (1953) ва «Навоий асарларининг луғати» (1972)ни тузган.


Тошкент кўчаларидан бирига Порсо Шамсиев номи берилган.