Ҳоди Зариф (1905-1972)


Ҳоди Зариф (1905-1972)
Зарифов Ҳоди Тиллаевич (Ҳоди Зариф) (1905.20.3 — Тошкент — 1972.13.1) — ўзбек фольклоршунослиги асосчиси. Ўзбек халқ оғзаки ижоди асарларининг тўпловчиси. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1967), филология фанлари доктори (1965), профессор (1967).

Эски ва янги усулдаги мактабларда бошланғич таълим олган. Боку ўқитувчилар семинариясида ўқиган (1923—26). Ўзбекистондаги маориф, ва маданият муассасаларида ишлаган (1926—30). Москвадаги собиқ Иттифоқ халқлари марказий музейида илмий ходим (1930—31), Ўзбекистон Маданий қурилиш илмий тадқиқот институти этнография шўъбаси бошлиғи (1931—34), Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва Адабиёт институтида фольклор бўлими мудири (1934— 39; 1956—65; 1960—72), директор (1944—48), директор ўринбосари (1955—62), энциклопедия бўлими бошлиғи (1965—68), Навоий кўргазмаси (Навоий номидаги адабиёт музейи)нинг биринчи директори (1939—56), Шарқ қўлёзмалари (Шарқшунослик) интининг директор ўринбосари (1943—44), Навоий ижодини ўрганиш қўмитасининг илмий котиби (1957—72).


Ҳоди Зариф ўзбек халқ бахшиларидан «Юсуф билан Аҳмад», «Ёдгор», «Равшан», «Рустамхон», «Очилдов» каби машҳур достонларни ёзиб олган, шунингдек, эртак, қўшиқ ва мақоллар, диалектология ва этнографияга оид материаллар, тарихга оид ҳужжат ва ёдномалар тўплаган. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Нурмон Абдувой ўғли, Абдулла Нурали ўғли, Холёр Абдукарим ўғли, Аҳмад бахши Матназар ўғли, Бола бахши каби халқ санъаткорлари, улар ижоди ҳақида илмий мақолалар ёзган. Ўзбек эпоси масалалари, бахшилик санъати, халқ шоирларининг эпик репертуарининг ғоявийбадиий мундарижаси, ўзбек фольклоршунослигининг асосий тараққиет йўлла рини тадқиқ этиш га алоҳида эътибор берган.


Ҳоди Зариф ўзбек фольклоршунослигида ўз мактабини яратди. Ўзбек адабиёти тарихи, диалектология, лексикология, этнография ва археология масалаларига оид илмий ишлар муаллифи («Луғат ҳам термин тўпловчиларга қўлланма», 1934; «Лутфий ва Навоий», 1948; «Фольклор ва археология материалларини қиёсий ўрганишга доир», 1958 ва б.).


Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1973). Навоий номидаги Адабиёт музейи ўзбек фольклори бўлимига Ҳоди Зарифнинг ёдгорлик бюсти (муаллиф А. Шоймуродов, 1984) қўйилган. Тошкент кўчаларидан бирига унинг номи берилган.


Тўра Мирзаев.