Жамол Камолнинг илк шеърий тўплами «Олам кирар юрагимга» 1968 йилда нашр этилган. «Чўққиларга ёғилди ёғду» (1970), «Тош туғёни» (1972), «Ҳасан ва ой» (1974), «Қуёш чашмаси» (1975), «Қадаҳ» (1978), «Достонлар» (1980), «Сувайдо» (1982), «Умидли дунё» (1988) каби шеърий тўпламларига кирган шеърларида мумтоз шеърий анъаналар билан замонавий шеърий жараён ўзаро уйғунлаштирилган.
Жамол Камол француз мумтоз адабиётининг намояндаси Буалонинг «Шеърий санъат» асарини, озарбайжон шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг Муҳаммад Фузулий ҳақидаги «Шабиҳижрон» достонини, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг олти китобдан иборат “Маснавийи маънавий” асарини, Шайх Фаридуддин Атторнинг асарларини, Абдураҳмон Жомийнинг ғазаллар китобини, Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг “Гулшани роз” асарини, буюк инглиз драматурги Вильям Шекспирнинг ўндан ортиқ асарларини бевосита инглиз тилидан, Александр Пушкининг “Моцарт ва Сальери”, Ян Райниснинг “Олтин тулпор”, Бартольд Брехтнинг “Сичуандан чиққан меҳрибон асарларини рус тилидан, амиралмўъминин Ҳазрати Али ибн Абутолибнинг шеърий девонини турк тилидан таржима қилган.
Жамол Камол шеърлари рус, инглиз, француз, поляк, украин, турк, озарбайжон, тожик ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган.