Абдулла Жалил Попда ишлаётган вақтда Фарғона, Қўқон фожеалари рўй берди. Шу муносабат билан унинг 1989 йилда «Ёшлик» журналида «Бўҳтон ва ҳақиқат» номли публицистик мақоласи эълон қилинди. Мақола бошқа тилларга таржима қилинди. 1992 йилда Туркиянинг энг йирик «Заман» рўзномаси Абдулла Жалил ҳақида катта мақола босиб чиқарди. Мақолада ёзувчининг таржимаи ҳоли билан биргаликда, унинг «Бўҳтон ва ҳақиқат», «XX аср риёкорлиги» публицистик мақолалари ҳамда «Уйғоқ руҳлар» достонидан парчалар эълон қилинган эди. Шундан кейин республика матбуотида унинг «Нифоқ нимадан келиб чиқади?», «Серфарзандлик гуноҳми?», «Қонун ва қонунсизлик тўғрисида» сингари публицистик мақолалари босилиб чиқди.
1990 йилда Абдулла Жалилнинг «Қуёшга мактуб», 1992 йилда «Уйғоқ руҳлар», 1993 йилда «Бўҳтон ва ҳақиқат», 1994 йилда «Ўтаётган кун», «Ватаним онам» номли китоблари босилиб чиқди.
Абдулла Жалилнинг «Уйғоқ руҳлар» достони Ўрхун Энасой битиклари асосида яратилган. Шоир қадимги Турк хоқонлари тилидан халқимизнинг ҳозирги кундаги дарду аламларини ифода этган. Асар халқни ахил-иттифоқ бўлишга, мустақил давлатчиликни ривожлантиришга, иғвогарликларни фош этишга даъват этади. Вақтни қўлдан бой бермаслик, имкониятдан фойдаланишга, истиқлолни мустаҳкамлашга чақиради.
Унинг «Дунганлар фожеаси», «Уч ҳукм ёки Соғунийнинг уч васияти» номли достони ҳам бор.