Эркин Аъзам (1950)


Эркин Аъзам (1950)
Эркин Аъзам (Аъзамов Эркин Нормаматович) (1950.10.8, Бойсун тумани) — ёзувчи, публицист, сценарист. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (1998), Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1972).

Ўзбекистон радиосида муҳаррир (1972—76), «Гулистон» журналида муҳаррир, адабий котиб (1976—81), «Ёшлик» журналида бўлим мудири (1981—86), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида таҳририят мудири, ижодий гуруҳ раҳбари (1986—92), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг 1-ўринбосари (1992—94), Республика «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган. «Тафаккур» журналининг бош муҳаррири (1994 йилдан).


Дастлабки ҳикоялар тўплами — «Чироқлар ўчмаган кеча» (1977). «Отойининг туғилган йили» (1981), «Олам ям-яшил» (1984), «Жавоб» (1986), «Байрамдан бошқа кунлар» (1988), «Пакананинг ошиқ кўнгли» (2001), «Кечикаётган одам» (2002), «Жаннат ўзи қайдадир» (2007), «Шовқин» (2011) каби қисса ва ҳикоялардан иборат китоблари нашр қилинган.


Эркин Аъзам асарлари ўзига хос юмористик баён услуби, кинояли тили, кутилмаган бадиий ечимларга эгалиги билан ажралиб туради. Ёзувчининг инсонга хос энг чигал жиҳатларни очиқ кўрсатмай, имо-ишора орқали акс эттириши унинг асарлари таъсирчанлигини оширади. Эркин Аъзам қисса ва ҳикояларида оддий ва тўпори, бошқаларга ўхшамайдиган, дарду ташвишлари, шахсий кечинмалари билан яққол ажралиб турадиган бадиий характерларни яратган. Характерлар фалсафасини ёритиш, услубий таранглик, психологик таҳлилнинг кучлилиги, асар сюжетининг характерлар асосига қурилиши, воқеалар ўртасидаги боғлиқликни образлар, деталлар орқали ифодалаш, муаллиф ва персонаж нутқининг яқинлиги, психологизм ва фалсафийликнинг муштараклиги Эркин Аъзам бадиий услубининг асосий хусусиятлари ҳисобланади.


«Чантриморэ», «Пиёда», «Пакана», «Дилхирож», «Эркак», «Паризод» каби экран асарларининг ҳаммуаллифи. 1 ва 2-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати.


Эркин Аъзамнинг ҳикоя ва қиссалари рус, украин, белорус, қозоқ, тожик, туркман, грузин, булғор, чех тилла-рига таржима қилинган. Адибнинг ўзи ҳам ўзга халқлар адиблари асарларини рус тилидан ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.