1974 йил февраль ойидан Ўзбек совет энциклопедияси (ҳозирги Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат-илмий нашриёти)да хизмат қилган. 1975 йил апрель ойидан буён “Шарқ юлдузи” журналида мусаҳҳиҳ, адабий ходим, бўлим мудири, бош муҳаррир муовини сифатида фаолият юритиб келаяпти.
Шоирнинг «Вақт ранглари» (1982), «Жануб қушлари» (1983), «Тўрғайли манзиллар» (1983), «Уфқлар орти бепоён» (1987), «Харитага тушмаган жойлар» (1992) «Узоқлашаётган оғриқ» (1992), «Сопол синиқлари» (1994), «Сен» (1996), «Ичкари ва ташқари» (1997), «Руҳимнинг қайғуси» (1997), “Канглум, ўзинг”, “Тавр”, “Тағаззул” шеърий китоблари чоп этилган.
Икром Отамуроднинг фаластин шоири Муин Бсисуга бағишланган «Ярадор умид отлари» достони (1986) 80-йиллар ўзбек шеъриятида сезиларли воқеа бўлган. Достонда хорижлик ижодкор образи орқали инсон қалбининг пўртаналари, мустақиллик ҳақидаги орзулар, она-юрт образи кучли ҳис-ҳаяжон билан бадиий ифодаланган.
Шоир фалсафий мушоҳада билан йўғрилган шеърий услубига содиқ қолиб, 1990 йили «Узоқлашаётган оғриқ» достонини яратди. Бу асарда замондбшларимизни тобора тарк этиб бораётган эътиқод, бурч, инсонийлик тушунчалари қалб туғёни, виждон азоби, юрак қони билан бадиий тадқиқ этилган.
Икром Отамурод Маҳмуд Дарвиш, Муин Бсису, Уольд Уитмен, Пабло Неруда, Ўлжас Сулаймон, Евгений Евтушенко каби шоирларнинг шеър ва достонларини ўзбек тилига таржима қилган.
Икром Отамуроднинг шеър ва достонлари ҳам турк, араб, булғор, рус, молдован, озарбойжон, қозоқ, қирғиз, тожик, грузин тилларига таржима қилинган.
Икром Отамурод “Дўстлик” ордени ҳамда “Халқ маорифи аълочиси” нишони, шунингдек, мустақилликнинг ўн, ўн беш, йигирма йиллиги медаллари билан тақдирланган.