Р. Маҳкамов ўз меҳнат фаолиятини 1954 йили собиқ иттифоқ Машина қурилиш технологияси илмий-тадқиқот институтида кичик илмий ходим сифатида бошлаган. Истеъдодли олим қарийб 64 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академияси Президиуми Техника фанлари бўлими илмий котиби, Геология институти катта илмий ходими, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти доценти, кафедра мудири, профессори каби лавозимларда халқимиз ва Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилиб, мамлакатимизда илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш, машинасозлик соҳасида юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшган.
Р.Маҳкамовнинг техника соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 200 дан зиёд илмий мақолалари, китоб ва монографиялари юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум. Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга сабоқ берган илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида бир қатор фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган.