Ушбу ҳикоя қаҳрамонлари билан яқинда танишиб қолдим. Уларнинг ҳаётида содир бўлган воқеани ўқиб, турмуш қуриш остонасидаги ёшларнинг истаклари, туйғулари ҳақида катталар яхшилаб ўйлаб кўришади, деган ниятдаман…
Лайло. Унинг доим кулиб турадиган, аслида эса маъюс кўзлари Умарни сеҳрлаб қўйганди. Ишхонасидан чиқиши билан Лайло томон шошар, қизни уйига кузатиб қўйиш катта бахт эди. Лайло ҳам саккиз йилдан буён йигитга суяниб қолган. Бошқа ким ҳам Умардек қайғурарди, уни асрарди. Отаси ўз пушти камаридан бўлган қизларни ташлаб кетган. Онаси — бутун умрини болаларига бахшида қилган, рўзғор, қизларни узатиш ташвишларидан, ёлғизлик азобидан чарчаган аёл. Баъзида Лайло онасига Умар ҳақида сўз очгиси келар, лекин чўчирди.
Севишганлар келажак ҳақида узундан-узун ўйлар суришар, ҳатто болаларига ҳам исмлар топиб қўйишганди. Лайло доим «Тўнғич фарзандим ўғил бўлишини истайман. Ўзим акам йўқлигидан жуда қийналдим», дерди. Умар эса қизлари Лайлодек лобар бўлишини хоҳларди. Афсуски, ҳаммаси ҳар доим истагандек бўлмас экан. Умарнинг ота-онаси ўғлини уйлантириш ташвишига тушишгач, севишганларнинг ҳам ташвиши ортди. Ўғлининг суйганини ҳақида суриштирган онанинг биринчи айтгани «Бизга умуман тўғри келмайди. Ота-онаси ажрашиб кетишган экан» деган гап бўлди. Умар отасидан нажот кутди. Аммо падарининг қарори ундан ҳам қаътий эди: «Тенги тенги билан болам!»
Умарнинг кўксида уриб турган бир парча гўшт эмас, юраклигини эса ҳеч ким инобатга олмади. «Шунча йил ўқитдик, боқдик, катта қилдик, энди бир қиз учун бизга қарши чиқасанми?» деган таъналар уни эзиб ташлади. Лайло эса барчасидан бехабар эди. Севги осмонида учиб юрибди. «Шундоқ ҳам кўп қийналганди, ягона юпанчи, ишонгани мен бўлсам…» деб ўйларди Умар. Ота-онаси дарров тенгларини топди. Отасининг яқин ўртоғининг қизини келин қилишадиган бўлишди. Ҳамма иш пишгач, Умарга Насибанинг суратини кўрсатишди. Йигит суратни қўлига олдию, қайрилиб ҳам қарамади. Умарнинг ўзига бўлган ишончи ҳам, умидлари ҳам сўнди. «Бўлажак келин билан учрашувга чиқ. Ҳозир энг чиройли пайтларинг», деган гапларга: «Нима қиламан учрашиб, бир умр ўшанинг юзига қараб ўтаман-ку», дея жавоб берди.
Бир мартагина мажбуран учрашди. Тўй ҳам бўлди. Расм-русумлар жойида ўтказилди. Аммо Умар тўйдан аввал ҳамма ишни пишитган. Севганини ўз режасига кўндирган эди.
«Кўнглимда бир ёр…»
— Мен учун Лайло ҳамма нарса, — деб ҳикоя қилади Умар. — Ундан юз ўгириш, шундоқ ҳам қийналган қизни ёлғиз ташлаб кетиш — бунга кўнглим бормасди. Ахир, уни севаман! Авваллари бошқа аёлни рафиқам сифатида тасаввур ҳам қилолмасдим. Онам уйлантириш ташвиши тушганидан кейингина кўнглимга қўл суқди. Шу пайтгача бирор марта тенгига уйланиш керак бўлган боласининг дардларини тингламади-ку! Менда нима айб? Лайлода-чи? Нега унга осмон-осмон ваъдалар бериб, тенгим эмассан, дегандек ташлаб кетишим керак? Нега энди ота-онам кўз остига олиб қўйган Насибага уйланишим шарту, ўзимнинг муҳаббатимдан воз кечишим керак?
Тўғри, ўшанда ҳам бу саволлар мени қийнаган. Жавобсиз саволлар. Аммо қўлимдан ҳеч нарса келмади. Отамнинг раъйини қайтара олмадим. Улар аллақачон Насибанинг уйига совчиликка боришган, ҳамма нарсани ҳал қилишган эди. Ягона йўл Лайлони шаърий никоҳимга олиш эди. Тўйдан олдин ҳаммасини унга тушунтирдим. Уч кун севганим мен билан гаплашмади. Бироқ унинг ҳам муҳаббати кучлилик қилдими, рози бўлди.
Насиба мен учун болаларимнинг онаси, онамнинг суюкли келини. Лайло исмли хотиним борлигини билганида кўксимга муштлаб йиғлади. Шартлар қўйди. Фойдаси бўлмади. Чунки ғишт қолипдан кўчиб бўлганди. Уни жойига қайтариш яна бир болани етим қилиш эди. Лайло аввалига ўғил, кейин қиз туғиб берди. Баъзида иккинчи хотинлиги алам қилиб йиғлайди. Балким у қачондир бутунлай қайтишимдан умид қилар. Худди Насибага ўхшаб…
Мен болаларимни доим бирга бўлишларини истайман. Ҳар куни ишхонадан чиқиб, уларни уйга олиб келаман. Насиба овқат тайёрлайди, бирга бир дастурхон атрофида овқатланамиз. Олдинига онам бунга қаршилик қилди. Аммо «Хатони биз қилдик, болаларда нима айб?» деган гапимдан кейин индамади. Секин-секин иккинчи турмушимдаги болаларимга ҳам меҳри тушди. Ҳозир ўша пайтда қаттиқ турмаганимдан афсусланаман. Насибанинг гоҳо таънали нигоҳлари, гоҳо меҳрга муҳтож кўзларига қараганимда виждоним қийналади…
«Суйганимнинг суйгани бор»
— Ўн саккиз ёшда эдим, — дейди Насиба. — Бир дунё орзулар билан турмушга чиқдим. Ўқиган, келишган йигит билан тақдирим боғланаяпти деб хурсанд эдим. Тўй ҳам бўлди. Фарзанд кута бошладим. Ўша-ўша совуқ нигоҳлар илимади. Сезардим, эримнинг ҳаётида яна кимдир борлигини. Катта қизим дунёга келганида эрим ёнимда турган. Ўшанда биринчи бор қўлларимни меҳр билан ушлаган. Шундагина меҳрини ҳис этдим. Аммо бу ҳам мен учун эмас, зурриёдини дунёга келтираётган аёл учунлигини кейинчалик англаб этдим. Уйланганини эшитганимда ўзимни хўрланган ва алданганлигимни бутун вужудим билан ҳис қилдим. Мен кимман? Шу савол қийнайди? Қайнонам атрофимда парвона. Суюкли ва намунали келинман. Бир куни болаларини олиб кетиб қолмаса бўлди, дея доим қош-қовоғимга қараб туришади. Эрим уйга келмайдиган кунлари яна ҳам меҳрибон бўлиб қолишади. Ҳаммасига чидаб яшайман. Эрим учун болаларининг онасиман, холос. Уйга келганида: «Яхши ўтирибсизларми?» деган саволидан чарчаб кетганман. Қўнғироқ қилиб қолса, болалари-ю онасининг ҳол-аҳволини билиш асносида бу ҳам бор-ку, дея сўрашишлари жонимдан ўтиб кетади. Ёнимда ётадию Лайлосига «SMS» ёзади, эрталаб уйғониши билан қўнғироқ қилади. Шунчаки уларнинг ҳолидан хабар олиш учунмас, соғинганидан, чин дилдан севганидан, хавотирланганидан… Мен эса… одамларнинг орасига кирганимда фалончининг хотиниман-у, ўзим билан ўзим қолганимда ҳеч кимман! Суйгани унга исталган пайтда қўнғироқ қилиши, исталган мавзуда эрим билан суҳбатлашиши мумкин. Мен эса фақат оиламизда нимадир юз бергандагина эримга қўнғироқ қиламан. Чунки бизни фақат турмуш деган ришталар боғлайди. Хўш, кимни айблай? Таниган-билган оила дея қизини узатган, энди эл ичида ажрашибди, деган гапни эшитмаслик учун «чида» деяётган ота-онамними? Боласини ўзи истаганига уйлантиришни хоҳлаган, «Бир куни эрингиз сизга қайтади, кўз очиб кўрганисиз, ахир», деб овутиб, тўғрироғи, алдаб яшаётган қайнонамними? Эримдан қанчалар нафратланмай, шунчалар севадиган ўзимними? Ёхуд менда ҳам кўнгил борлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдиган эримними? Билмайман… Билганим, қачондир бу омонат девор қулайди.
Ё эримнинг ўзи буткул бизни тарк этади, ё мен бу совуқ ва сохта турмушимдан воз кечаман…
Тамға
— Йигирма тўрт ёшимда иккинчи хотин бўлдим, — ҳикоя қилади Лайло. — Нима менинг орзуларим йўқмиди? Оёқ-қўлим соғ, рисоладагидек қиз эдим. Келинлик либоси кийишни истамасмидим? Ҳамма орзуларимни севганим учун қурбон қилдим. «Бошида отаси бўлганида бировга иккинчи хотин бўлмасди», деган таъналарни ҳам эшитдим. Ёлғиз қийналиб катта қилган онамнинг алам устидаги калтакларини ҳам едим. Нима учун? Умар акани азбаройи севганимдан. Усиз ҳаётни тасаввур қилолмаганимдан. Бу «қаҳрамонлигим» эвазига бир умр бошида кўтариб юришга ваъда берган суйганим учун.
Умар аканинг ёши энди ўттиздан ошди. Кундошим эса йигирма бешда. Балки бу ҳаммаси ёшликнинг ғўр хатоларидир. Аммо хатоларнинг тўғрилашнинг иложи йўқ. Менинг ҳам бахтли бўлишга ҳаққим бор. Қайсидир маънода бахтлиман ҳам. Эримнинг «Насиба ота-онамнинг хизматида. Уни шунинг учун ҳурмат қиламан», деган гапларига ишонгим келмайди. Ҳар куни болаларимни кундошим пиширган кечки таом учун олиб кетаётганида минг хаёлга бораман. «Нега бутунлай мен билан яшамайсиз?» деган саволим жавобсиз қолишидан юрагим тилка-пора бўлади. Баъзан севганимнинг худбинлигининг қурбонимиз деб ўйлаб қоламан. Мени бировларга бергиси келмаганидан, икки аёл билан даврини суриб юрибди деган хаёлларга бораман. Яна ўша қурғур севги бундай ўйлардан устун келади. Фарзандларим: «Бувимнинг уйидаги болалар ҳам дадамни «дада» деркан, ойи. Уларнинг ҳам онаси сизмисиз? Нега ҳаммамиз ўша ҳовлида яшамаймиз?» деган саволларидан қийналиб кетаман. Эртага катта бўлишса, оналарининг иккинчи хотин бўлиб яшашини тушунишса, нима қилишаркан, деб ўйланаман. Ўртамизда, муҳаббат, фарзандлар бўлса ҳам, қўрқиб яшайман.
Умарнинг иши номардликми ёки ноиложлик? Балки учаласи ҳам ота-оналарнинг ҳаваслари қурбонидир? Умар ўзининг кимлигини исботлаш учун ҳам Лайлога уйлангандир? Ота-онасининг хатосига шу йўл билан курашмоқчи бўлдими?.. Айтганча, ҳикоя орқали уларни бутунлай қоралаш ёхуд оқлаш ниятимиз йўқ. Ўзларининг ҳам фикрини келтирдик.