Мунтазир (1831-1889)

Мунтазир (тахаллуси; исми Юсуфқори) (1831, Қўқон — 1889, Андижон) — шоир. Қўқондаги «Мадрасаи олий»ни тугатгач, мударрислик қилган. У Низомий, Ҳофиз, Навоий, Бедил асарларини чуқур ўрганган.


Муқимий, Фурқат, Завқий, Писандий, Муҳаййир, Рожий Марғинонийлар билан яқиндан танишган, адабий ҳамкорлик қилган. Худоёрхон ўғли Насриддинбекни Андижонга ҳоким этиб тайинлаганда, Мунтазирни унга маслаҳатчи қилиб юборади (1860). Шу сабабли умрининг охиригача Андижонда яшаб ижод қилади.


Мунтазир ўзбек ва форс-тожик тилларида ёзган зуллисонайн шоир сифатида шуҳрат қозонган. Мумтоз шеъриятнинг анъанавий жанрларида ижод қилган, кўпроқ ғазал, мухаммас, мувашшаҳ, рубоийлар ёзган. Уларда замонадан шикоят, эрк ва маърифат ғоялари ифодаланган. Мунтазирнинг «Баёзи Мунтазир» шеърлар тўплами бизгача етиб келган. Баёзга 800 мисрадан кўпроқ шеърлари кирган.