Саъдуллахўжа Турсунхўжаев (1891, Тошкент — 1938.4.10) — давлат ва жамоат арбоби. Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг намояндаларидан бири. Рус-тузем мактабида ўқиган (1898 — 1901).
«Тараққийпарвар» ташкилотининг аъзоси сйфатида жадидчилик ҳаракатида фаол катнашган (1908 — 17). Абдулла Авлоний, Мунавварқори, Низомиддин Хўжаев ва бошқа билан ҳамкорлик қилган.
Туркистон ўлкаси Озиқ-овқат халқ комиссарлигининг Москвадаги вакили (1917 — 18), Тошкент Эски шахар Совети ижроия қўмитаси раиси ўринбосари (1918), Туркистон АССР Соғлиқни сақлаш халқ комиссари (1918 — 19), Миллий ишлар халқ комиссари, Ташқи ишлар халқ комиссари (1919).
Туркистон Компартияси МК котиби, айни пайтда Бухоро Компартияси МК масъул котиби (1920 — 21). БХСРнинг Савдо ва саноат халқ нозири (1921), Туркистон АССР Марказий халқ хўжалиги Кенгаши раиси ўринбосари (1921 — 22), Помир области инқилобий қўмитаси раиси (1922 — 23). ХХСР Ижтимоий таъминот, савдо ва саноат халқ нозири (1923 24), ХХСР Нозирлар Шўроси раиси ўринбосари, Давлат режа комиссияси раиси, ХХСР Марказий Ижроия Қўмитаси раиси (1924). Хоразм вилояти инқилобий қўмитаси раиси (1924 — 25).
Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилгач, СССР Меҳнат ва Мудофаа Кенгашининг Ўзбекистон ССР бўйича вакили (1925 — 26), Ўрта Осиё сув хўжалиги қурилиши ташкилоти бошлиғи (1927), СССР Ер ишлари халқ комиссарлигининг Ўрта Осиё бўйича вакили (1928 — 34), Қозоғистон ССР Сув хўжалиги Бош бошқармасининг бошлиғи (1935 — 37).
Саъдуллахўжа Турсунхўжаев «Миллий иттиҳод» Марказий қўмитаси аъзоси (1920 — 21) сифатида БХСРда катта ташкилотчилик ишларини олиб борган.
Подшо Россияси ва совет режимига қарши сиёсий фаолияти учун Саъдуллахўжа Турсунхўжаев бир неча марта қамоққа олинган (1911 йил Қўқон; 1922 йил; 1937.27.4, Олмаота). Тошкентда бўлган СССР Олий Суди ҳарбий коллегиясининг мажлисида отишга ҳукм қилинган ва ўша куни отиб ташланган. 1957 йил 1 августда окланган.