Фарғона шаҳрида янги типдаги биринчи ўзбек мактабини ташкил қилган (1917), 1920 йилда бу мактаб Қўқон шаҳридаги дорилмуаллимлик таълим-тарбия курси билан қўшилиб, Фарғона вилоят таълим-тарбия техникумига айлантирилди ва Қори-Ниёзий унга директор қилиб тайинланди.
Қори-Ниёзий Ўрта Осиё университетини тугатган (1929), шу университет ректори (1931—33), Ўзбекистон Маориф халқ комиссари ва айни пайтда Ўзбекистон ХКС ҳузуридаги Фан қўмитаси президиуми раиси (1937-38), Тошкент ирригация ва механизапиялаш муҳандислари институти математика кафедраси мудири (1939 йилдан). Ўзбекистон ХКС раиси ўринбосари (1939—43), айни вақтда СССР Фанлар академияси Ўзбекистон филиали президиуми раиси (1940—43). Ўзбекистон Фанлар академияси Президиуми аъзоси (1947—62) ва физика-математика фанлари бўлими раиси (1954—60), «Фан ва турмуш» журнали бош муҳаррири (1939—70).
Қори-Ниёзий Ўзбекистон халқларининг маданий ҳаёти тарихига доир илмий ишлар муаллифи. Элементар ва олий математика бўйича ўзбек тилидаги биринчи дарсликлар муаллифи. Қори-Ниёзийнинг «Ҳаёт мактаби» эсдаликлар китобида республикада фан, маориф ва маданият тараққиёти тарихи ўз аксини топган.
Давлат мукофоти (1952) ва Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати (1970). Ўзбекистон Республикасининг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2002).
Ўзбекистон педагогика фанлари илмий текшириш институги, Тошкентдаги кўчалардан бири ва 206-мактаб унинг номи билан аталган.