Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкилий қўмитасида бош котиб (1942), бошқарма раисининг ўринбосари (1943—57), раиси (1957—82) бўлган. Тошкентда Имом Бухорий номидаги Ислом институтини ташкил этди (1969) ва унга бевосита раҳбарлик қилди. Унинг саъйи-ҳаракати билан Бухорода Мир Араб мадрасаси фаолияти қайта тикланди (1945).
Собиқ Совет Иттифоқи ва бир қанча мусулмон мамлакатларида ўтказилган йирик халқаро диний анжуманларнинг ташкилотчиси ёки фаол иштирокчиси сифатида турли халқлар ва динлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилишига ҳаракат қилди. Масжидлар бўйича Бутунжаҳон олий кенгаши аъзоси этиб сайланди (Макка, 1976).
Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон диний меросни кенг тарғиб ва ташвиқ қилишдан ташқари илмий, адабий фаолият билан ҳам шуғулланган. Ибн Синонинг гигиенага оид китобини ўзбек ва рус тилларига ўгирган (Абу Али ибн Сина, Трактат по гигиене, Т., 1982).
Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг «Диёримизда ислом ва мусулмонлар» асари (1979, рус тилида)да ислом динининг моҳияти очиб берилган, ислом барча замон ва халқлар учун салоҳиятли дин эканлиги, унинг тамойиллари ҳамма яхши ниятли кишиларнинг орзу-умидлари билан ҳамоҳанг эканлиги кўрсатилган.
Футуҳий тахаллуси билан шеърлар ҳам битган. Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон халқлар ўртасида тинчликни сақлаш, ер юзида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ишига катта ҳисса қўшганлиги учун Иордания, Сурия, Марокаш ва MAP нинг олий орденлари билан такдирланган. 1998 йили таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб Тошкентда халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Тошкентдаги Қаффол аш-Шоший қабрлар мажмуасида оталари Эшон Бобохон ёнига дафн этилган (раҳматуллоҳи алайҳ).
Шамсуддинхон Бобохонов.