Озод Шарафиддинов 20-асрнинг 60-йилларидан адабиётшунос сифатида танилган. «Замон. Қалб. Поэзия» (1962) китобида адабий асарларни бадиийлик қонуниятлари нуқтаи назаридан тадқиқ этган. Унинг тадқиқотлари адабиётни миллий ғоялар ва адабий қонуниятлар асосида таҳлил қилишга бағишланган. «Адабий этюдлар» (1968) китобида ижодкор шахси ва унинг бадиий асардаги ўрни масалалари талқин қилинган. «Яловбардорлар» (1974), «Истеъдод жилолари» (1976) тўпламларига киритилган илмий мақолалари адабий ижоддаги анъаналар, мумтоз адабиётни ўрганиш воситалари ва жаҳон адабиётини ўрганиш муаммолари ҳақида. Озод Шарафиддинов ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилигида миллий ва жаҳон адабиёти анъаналарини уйғун қабул қилиш тамойилларини бошлаб берди.
Озод Шарафиддинов «Биринчи мўъжиза» (1979), «Талант — халқ мулки» (1979), «Адабиёт — ҳаёт дарслиги» (1980), «Ҳаёт билан ҳамнафас» (1983), «Гўзаллик излаб» (1985) асарларида ўзбек шеърияти, насри ва танқидчилигининг муқим муаммоларини ёритган.
Озод Шарафиддиновнинг мунаққидлик фаолиятида 2 давр кўзга ташланади. Биринчи давр шўро тоталитар тузумида кечган бўлиб, унда адабиётни тоталитар мафкура ғояларидан ҳимоя қилиш, адабий қонуниятлар асосида тадқиқотлар олиб бориш муаммолари тадқиқ этилган («Заҳарханда қаҳқаҳа», 1962; «Ҳаётийлик жозибаси, схематизм инерцияси», 1979; «Юртин мадҳи бўлди сўнгги сатри ҳам», 1979; «Шеър кўп, аммо шоирчи?», 1983).
Иккинчи давр мунаққид фаолиятида асосий давр бўлиб, у истиқлол йилларидаги ижодини қамраб олади. Бу даврда Озод Шарафиддинов миллий адабиётни шакллантириш муаммолари, ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилигини қайта қуриш, жаҳон адабиёти анъаналарини ўзлаштириш ҳамда таржима санъатини юксалтириш масалаларини тадқиқ этган («Бир тилда гаплашайлик», 1987; «Мағзи пуч сўзлардан бир тош нари қоч», 2000; «Қайдасан, Морико», 2002).
Озод Шарафиддинов ўзбек адабиётини жаҳон адабиёти билан уйғун тарзда ўрганиш анъанасини бошлаб берган. Озод Шарафиддиновнинг «Истиқлол фидойилари» (1993), «Сардафтар сарлавҳалари» (1999), «Маънавий камолот йўлларида» (2001) китобларида Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Отажон Ҳошимов ижоди янгича нуқтаи назардан таҳлил этилган. «Чўлпонни англаш» (1993) асарида эса янги ўзбек танқидчилиги 20-асрда босиб ўтган мураккаб йўлни талқин, таҳлил қилган, кўплаб мунаққидлар ижоди, эстетик принципини Чўлпон ижодига муносабат нуктаи назаридан ёритган. Озод Шарафиддинов «20-аср ўзбек адабиёти тарихи» ўқув дастури (1997), «20-аср ўзбек адабиёти» (1999) дарслиги муаллифларидан.
Озод Шарафиддинов ижодининг чўққиси «Ижодни англаш бахти» (2004) китобидир. Унда ўзбек адабиётининг жаҳон адабий жараёнида тутган ўрни ва илмий-маънавий ўзанлари тадқиқ этиб берилган.
Озод Шарафиддинов таржима санъатига танқидчилик концепциясини олиб кирди. Л. Толстойнинг «Иқрорнома», П.Коэлонинг «Ал-Кимёгар», А.Севеланинг «Тўхтатинг самолётни, тушиб қоламан» асарларини ўзбек тилига таржима қилди.
Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1970), «Меҳнат шуҳрати» (1997), «Буюк хизматлари учун» (1999) орденлари билан мукофотланган.