Ғози Юнус (1889-1942)

XX аср миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири Юнус — Муҳаммад ўғли Ғози Юнусдир. У моҳир журналист, етук ҳикоянавис ва бир қатор халқона шеърлар муаллифи, кўзга кўринган драматург, ҳажв устаси ҳамда жамоат арбоби сифатида маданиятимиз тарихида муносиб ўрин эгаллайди. Ғози Юнус 1889 йилда Тошкентнинг Охунгузар маҳалласида зиёли-ҳунарманд оиласида дунёга келган. Оиладаги тўрт ўғил ота-она тарбиясида ҳам саводли, ҳам устачилик касбига эга бўлишган. Ғози Юнус отаси қаторида иморат устаси сифатида янги шаҳар қурилишида қатнашганлиги туфайли рус тилини эрта ва мукаммал эгаллаган. Ҳатто маҳаллада уни «ўрис» деб чақиришган. Мадрасада араб ва форс тилларини яхши ўрганган. Унга «Мулла» унвони ҳам берилган.


Ғози Юнус 1915 йилларда мадрасани имтиёзли битиргач, халқ қўшиқлари, мусиқасига ҳаваси ортиб, дутор, танбур чалишни ўрганади, хонанда сифатида ҳам танилади. 1916 йилги мардикор олиш баҳонасида Болтиқбўйи фронтида қатнашади ва кўп ўтмай у ердан ногирон бўлиб қайтади. Инқилоб арафасида Эшонгузар маҳалласида ташкил топган «Оғаларга ёрдам қўмитаси»да саркотиб бўлиб ишлайди ва туҳмат орқасидан бироз муддат қамалиб ҳам чиқади. Шу тарзда унинг «Турма хотираси ёки Ҳақсизлик касофати» деган каттагина назмий асари — достони юзага келади. Шундан сўнг у секин-аста ўз шеърлари билан матбуот саҳифаларида кўрина бошлайди, театр саҳналарида роллар ижро этади. Хусусан, Абдулла Қодирийнинг «Бахтсиз куёв» драмасида актёр сифатида иштирок этади. Кейинчалик ўзи яратган «Заҳҳоки марон» драмасида Заҳҳокнинг отаси адолатпеша Темиртош ролида қатнашади.


Шунингдек, у миллий ўзбек матбааси, нашриётимиз ташкилотчиси сифатида элга танилган. Бухоро, Боку шаҳарларидан босмахона учун техника воситалари, ҳарфлар келтирган. Тошкентдаги Эскижува босмахонасини ташкил этишда жонбозлик кўрсатган. «Туркистон», «Қизил байроқ», «Зарафшон» газеталари ва «Муштум» журналининг ташкилотчиси ва раҳбари сифатида фаолият кўрсатган. Кўп вақт «Қизил байроқ», «Муштум» каби газета-журналларга муҳаррирлик қилган. Унинг ўзи ёзади: «Мен давлат нашриётида ишладим. Газеталардан «Иштирокиюн», «Қизил байроқ», «Қизил Ўзбекистон», «Зарафшон», «Янги йўл», «РОСТА»ларда қатнашдим ва кўпларида муҳаррирлик қилдим». Шундай кенг жабҳадаги фаол хизматлари учун Тошкент шаҳар ижроқўми 1921 йилда унга «Меҳнат ва матбуот қаҳрамони» унвонини беради. Бироқ, 1929 йиллардан бошлаб унга бўлган қараш ўзгаради, таъқиб остида қолади. У ҳам бошқалар қатори «халқ душмани», «пантуркист», «панисломист» тамғаси остида 1937 йилнинг 6 августида ҳибсга олинади. Узоқ Шимолга бадарға қилинади. 1942 йилнинг 5 май куни очлик ва бетоблиги туфайли Вологда шаҳри қамоқхонасида оламдан ўтади.


Ғози Юнуснинг ижодкор сифатидаги фаолияти асримиз бошларидан бошланган. У Октябрь инқилоби тўнтарилишигача кўпгина публицистик мақолалар ёзган. Бинобарин, Ғози Юнус адабиётга даставвал публицист-мақоланавис сифатида кириб келган эди. У бутун ижоди давомида юз элликдан ортиқ турли мавзу ва муаммоларга бағишланган публицистик мақолалар ёзган бўлиб, уларда кўпроқ ижтимоий-сиёсий, миллий маданият, миллий маънавият, миллий театрга оид қарашларини ифодалайди. У агар «Касалимиз ва анинг доруси», «Ал уламоу ворисат ул анбиё» («Уламолар набийларнинг ворисидирлар») каби дастлабки мақолаларида исломий ақидалар асосида кишиларни ўзаро нифоқлардан қайтариб, бирлик, иттифоқликка даъват қилса, кейинги «Ҳурриятми ёки истибдод?», «Ерлилаштириш теварагидаги лўттибозликлар», «Дин номидан иғво тарқатувчилар», «Ўзбекистон» каби ўнлаб мақолаларида ҳаётдаги ноҳақликлар, нопокликларни аёвсиз тарзда фош этиш йўлидан боради. Оқибатда 1924 йилга келиб (1918 йилда кирган эди) фирқа аъзолигидан ўчирилади. Шунга қарамай у «Франция инқилоби натижалари», «Инглиз ҳокимиятининг иккинчи даври», «Сиёсат майдонларида» каби бир қатор мақолалар ёзиб, халқаро масалаларни ҳам кўтариб чиқади. Кенг қамровли моҳир журналист сифатида танилади.


Қолаверса, Ғози Юнус моҳир ҳикоянавис, ҳажвиячи, етук шоир сифатида ҳам эътиборга сазовор. Унинг «Саидзодалар», «Бачажиш» каби ҳажвий ҳикоялари ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиб, ўзбек миллий ҳикоячилигининг туғилиши ва шаклланишида сўзсиз ўз ўрнига эга.


Маълумки, Ғози Юнус ҳам маърифатпарварлик ва жадидчилик ҳаракати даври адабиётининг кўзга кўринган намояндаси сифатида давр олға сурган масала ва муаммоларни ечиш йўлидан борган. Хусусан, унинг ижодида маърифатпарварлик ижодий-тасвирий услубидан фарқли ўлароқ, жадид адабиёти йўналишига мойиллик устувор бўлган. Шу жиҳатдан қараганда у қайси жанрда қалам тебратмасин ва нима мавзуда асар ёзмасин, адиб ижодида жадид адабиётига хос фош этувчи услуб етакчилик қилади. Ҳатто, у яратган шеърий дасталар ҳам ҳажв тиғидан бегона эмас. Бинобарин, унинг дастлабки «Кўз очинг, турон эли» деб бошланувчи «Эски мактаблар ҳақида» номли шеъридан тортиб, «Порахўр тилидан», «Савдогар гилидан», «Бир мунофиқ тилидан», «Рамазон айтгувчи тилидан» каби туркум шеърларигача ана шу фош этувчи усул-услуб, ҳажв етакчилик қилади.


Ғози Юнус моҳир таржимон ва етук драматург сифатида ҳам танилган. Маълум бўлишича, у ўттиздан ортиқ саҳна асарлари яратган бўлиб, уларнинг йигирма саккизтаси 1926 йилларда алоҳида-алоҳида китоб ҳолида Тошкентда Ўзбекистон Давлат нашриётида чоп этилган. Улар мавзу ва муаммолари жиҳатдан турли-туман бўлгани ҳолда кузатилган мақсад ягона эканлиги билан характерланади. Яъни, Ғози Юнус драматург сифатида хоҳ табдил, хоҳ оригинал асар яратадими, ҳамма-ҳаммасида ўз халқининг маънавий-маданий жиҳатдан юксалишини, эркин, озод ва фаровон яшашини орзу қилади. Шу мақсад йўлида гоҳ большевиклар тузуми билан муросаи мадора қилади, гоҳ ниқобга киради, гоҳ очиқ курашда бўлади. Бинобарин, адиб бизнинг миллий уйғонишимизга маъно жиҳатдан яқин асарларни сайлаб, таржима тарзида ёинки мослаштириш — табдил тарзида ҳам самарали йўл тутади. Жумладан, унинг «Луқмони ҳаким», «Йўлбосар Алим», «Жаҳолат қурбони», «Исломият уйи», «Фарзанд дуоси» (А. Қодирий сўзбошиси билан нашр бўлган), «Саводсизлик балоси» каби бир қатор пьесалари худди уйғониш даври ғоялари, мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлганлиги учун муҳим бадиий-эстетик аҳамиятга молик. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ғози Юнус ижодида «Заҳҳоки марон» («Заҳҳокнинг илонлари») асари алоҳида аҳамиятга эга. Асар Фирдавсийнинг машҳур «Шоҳнома» достони асосида яратилган бўлиб, ундаги «Заҳҳок ва темирчи кова» воқеаси драма марказида туради. Асарда ё тахт ёки ота муаммоси бош қаҳрамон Заҳҳок тақдирини белгилайди. Отадан кўра тахт Заҳҳок учун афзал кўринади, отани ўлдириб, тахтга чиқади. Аммо қайтар дунё деганларидек, кўп ўтмай оқпадар Заҳҳок Шайтон васвасасига учраб, зулм зўрайгач, халқ исёнига учрайди. Ўн етти фарзандини Заҳҳок учун илонларга ем қилган ота Фаридун лашкарларига қарата темирчи Кова халқ вакили сифатида курашга киради. Кова ва унинг ўғилларини ҳам Шайтон йўлдан оздирмоқчи бўлади, эплолмайди. Пировардида Заҳҳок енгилиб, ўлимга маҳкум этилади, халқ ғолиб келади.


Драматург эса бу билан шайтон ҳамиша ожиз инсонлар қалбида яшашини эслатиб, ундан доимо огоҳ бўлишга чорлайди. Мазкур асар даставвал 1919 йилнинг 28 сентябрида Маннон Уйғур режиссёрлигида «Колизей» театрида саҳналаштирилган эди. Чўлпон ҳам бу асар ҳақида илиқ фикр билдириб, «халқ соғинадиган» асар деб баҳолаган.


Хуллас, Ғози Юнус ижодини ўрганиш ва баҳолаш унинг тарихдаги ўрнини аниқлаш учунгина зарур бўлмай, балки қатағонлик даври ижтимоий-сиёсий муҳити ва унинг мақсад-моҳиятини янада чуқурроқ тушуниш, миллий тафаккур жараёнларини тўғри англаш, Уйғониш даврининг муҳим босқичи деб қарашдан ҳам иборатдир. Энг муҳими, Истиқлолимизнинг қадр-қимматини янада чуқурроқ англаш ҳамдир.