Абдуқаҳҳор Иброҳимов (1939-2020)


Абдуқаҳҳор Иброҳимов (1939-2020)
Иброҳимов Абдуқаҳҳор Абдусаматович (1939.16.8, Тошкент – 2020.20.6, Тошкент) — ёзувчи, драматург, публицист, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби (1990). Тошкент давлат университети филология факултетининг журналистика бўлимини тугатган (1962).

«Ўзбекистон маданияти» газетасида адабий ходим ва будим мудири (1962—72), «Гулистон» журналида масъул котиб (1972—75), «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида бўлим мудири (1978—84), Ўзбекистон Маданият вазирлигида репертуар-таҳрир ҳайъати бош муҳаррири (1984—86), Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида консультант ва етакчи консультант (1990—93), Республика «Маънавият ва маърифат» марказида бош мутахассис (1994 йилдан) бўлиб ишлаган.


Адабий фаолияти 60-йилларда бошланган. «Қоя остида» (1972), «Сўнгги нур» (1977), «Осмон яқин, ер юмшоқ» (1982) ҳикоялар тўпламлари, «Уйқу келмас кечалар» (1998) романи муаллифи.


«Тил — тақдир демак» (1990), «Ватан туйғуси» (ҳамкорликда, 1996), «Бизким, ўзбеклар» (1999) каби бадиий ва сиёсий публицистик асарларида тил, кўҳна миллий давлатчилигимиз тарихи акс эттирилган.


Адибнинг айниқса, публицист сифатидаги фаолияти эътиборга сазовордир. Муаллиф мақолаларида кўтарилган сиёсат, иқтисод ва маънавиятга оид даврнинг долзарб муаммолари кўп ҳолларда ўзининг пухта ечимини топади. Шу туфайли ҳам адибга 90-йилларда Республика матбуотида эълон қилинган энг яхши публицистик мақолалари учун «Йилнинг энг яхши журналисти» деган махсус диплом берилган (1996). Ёзувчи «Туркистон япроқлари» (1993) номли ҳужжатли қиссаси учун «Туркистон—умумий уйимиз» халқаро танловининг ғолиби бўлган.


«Биринчи бўса» лирик драмаси «Ёш гвардия» (ҳозирги Аброр Ҳидоятов номли) театрида саҳналаштирилган (1971). Бундан ташқари, «Арра» (1971), «Майли, майли» (1972), «Зўлдир» (1973), «Мени айтди деманг» (1973), «Танисангиз керак» (1974), «Сочқи» (1976), «Товушсиз қарсаклар» (1980), «Ўзбекча никоҳ» (1993), «Шайтоннинг йўли» (1994) ва бошқа пьесалари Ўзбекистонда ва бошқа давлатларнинг театрларида саҳналаштирилган.


«Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган (1999).