Ўткир Раҳмат (1948)


Ўткир Раҳмат (1948)
Ўткир Раҳмат 1948 йил 15 мартда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманининг Узун қишлоғида туғилган. Самарқанд Давлат университети ва Тошкент Давлат юридик институтини тамомлаган. У ўз меҳнат фаолиятини матбуотда нашрларида бошлаб, сўнг кўп йиллар нуфузли идораларда хизмат қилди. 1998 йилда “Шуҳрат” медалига ва 2005 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазавор бўлган. Халқаро Чўлпон мукофотининг соҳиби. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Ўткир Раҳматнинг биринчи шеъри 1966 йилларда чоп этилади. Шоирнинг “Ирмоқ” (1988), “Соғинч” (1991), “Райҳон ҳиди” (1993), “Шукрона” (1995), “Ой ёғдуси” (1996), “Кўзим қорачуғи” (1998), “Хаёл ифори” (2008), “Юракдаги қуш” (2009), “Хоксор майса” (2010), “Дилчироқ” (сайланма китобининг биринчи жилди) каби ўндан зиёд шеърий тўпламлари нашр этилган.


Ўткир Раҳмат шеърлари самимийлигига, гўзал ташбеҳлар ва истиоралар акс этган мисралари билан ўқувчини мафтун этади.


Айниқса, табиатнинг табиий бўёқлари сўзларга кўчиб ўтиш жараёнида нафис ранг-баранглик ҳосил қилиши – шоир ижодининг ўзига хос жиҳати сифатида эътиборни тортади.