1908—09 йилларда Навоий ижодини мутолаа қилиб, «Фарҳод ва Ширин» ҳамда «Лайли ва Мажнун» достонларининг соддалаштирилган насрий нусхаларини тайёрлаган ва ўз ҳисобидан нашр этган. 1910—14 йилларда мадрасадоши Сидқий Хондайлиқий билан ҳамкорликда «Армуғони Хислат», «Ҳидояи Хислат», «Савғоти Хислат», «Туҳфаи Хислат» каби баёзларини нашр эттирган. Бу баёзларда шоирнинг 100 дан зиёд лирик шеърлари эълон қилинган.
Хислатнинг лирик шеърларида Бобур, Машраб ва, айниқса, Навоий ижодининг таъсири кучли. Бу таъсир унинг «Найларам боғу чаман сайрини жонон бўлмаса», «Қандоқ қилай», «Эй нигорим», «Иқлими девона қилган бир пари савдосидур», «Ўлдим асиринг, эй ёр», «Эй хублар сароси», «Оразингму ё гули раъномидур», «Эй париваш» сингари ғазалларининг бадиий қурилмасида ҳам, ғоявий йўналишида ҳам яққол кўринади. Хислатнинг дунёвий ғоялар билан йўғрилган бир қанча ғазаллари Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов ва Ҳамроқул қори каби машҳур ҳофизлар томонидан ижро этиб келинган.
Xислат 1917 йилдан кейин ҳам бадиий ижод билан шуғулланиб, замонавий мавзуларда ғазал ва мухаммаслар яратган. Аммо Совет давлатининг жадид шоирларга нисбатан совуқ муносабати туфайли у ёшликда эгаллаган ҳунари — дурадгорликни давом эттириб, 1940 йилга қадар иморатсозлик ишлари билан кўпроқ машғул бўлган.
Хислатнинг адабий меросида таржима асарлар катта ўрин эгаллайди. У Низомийнинг «Лайли ва Мажнун» достони, Фирдавсийнинг «Шоҳнома» достони асосида насрлаштирилган «Барзуйи шер», «Паҳлавони Аҳмад», Убайд Зоконийнинг «Мушук ва сичқон» асарларини форс тилидан таржима қилган, араб ва форс мумтоз адабиётларидаги болаларбоп ривоятлар ва масалларни шеърий таржима қилиб, «Нон ва ҳалво» деган мажмуа тузган.
Тошкент шаҳридаги кўчалардан бири Xислат номи билан аталади.