Davlat ramzlari

Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи

Davlat ramzlari
Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида 1991 йил 18 ноябр куни тасдиқланган. Байроқ – давлат суверенитетининг рамзларидан биридир.

Байроқ тўртта рангдан, 12 юлдуз ва ярим ойдан иборат. Халқ идрокида бу тимсоллар қуйидагича тушунилади:

кўк ранг – доим мовий осмонни, оқ ранг – халқимизнинг оқ кўнгилини, тинчлик ва покликни, яшил ранг – чексиз яшил далаларимиз ва табиатимизни, ярим ой – юртимиз Ислом Шарқи мамлакати эканлигини билдиради, байроқдаги икки қизил йўл – мавжуд бирлик ва бузилмас дўстликка эришиш учун юртимиз фарзандлари қон тўкканларига ишора қилади.


Ўзбекистон Республикасининг давлат герби

Ўзбекистон Республикасининг давлат герби 1992 йил 2 июлда қабул қилинган. Давлат герби – давлат мустақиллигининг рамзларидан биридир. Давлат герби думалоқ кўринишга эга бўлиб, бу шаклнинг сўл томони ризқ-рўзимиз тимсоли – буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса ўзбекнинг донғини дунёга таратган бебаҳо бойлигимиз – чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган, узоқдаги тоғлар ва дарёлар манзарасида гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради, айни пайтда бу Ўзбекистоннинг серқуёш мамлакат эканлигини ҳам билдиради. Гербнинг юқори қисмида эса Ўзбекистон озодлигининг рамзи сифатида саккизбурчак юлдуз, унинг ички қисмида яримой ва юлдуз, марказида – бахт ва эрксеварлик рамзи – қанотларини ёзган Хумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини ифода этувчи чамбар тасмасига Ўзбекистон деб ёзиб қўйилган


Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси – давлат мустақиллигининг рамзларидан биридир.

Давлат мадҳияси мусиқасини композитор Мутаваккил Бурҳонов, сўзини шоир Абдулла Орипов ёзган.

Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,

Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!

Яшнагай то абад илму-фан, ижод,

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

Нақорат:

Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,

Еркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!

Истиқлол машьали, тинчлик посбони,

Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл обод!

Нақорат:

Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!

 Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини юклаб олиш


Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси XII чақириқ Олий Кенгашининг ХИ сессиясида қабул қилинди.

Ўзбекистонда аввал ҳам Конституциялар қабул қилинган эди (Ўзбекистон Конституцияси 1927, 1937, 1978 йилларда қабул қилинган). Лекин у конституцияларда халқ ўз тақдирини ўзи белгилаш хуқуқидан маҳрум эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов шундай деган эди: Давлатимизнинг келажаги, халқимизнинг тақдири кўп жиҳатдан Конституциямиз қандай бўлишига боғлиқ. Конституция Италия, Франция, Финляндия каби давлатлар конституциялари тарихини ўрганиб, бизга тааллуқли жойлари олиб тузилди. Бунда БМТнинг Халқаро Инсон хуқуқлари бўйича ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлардан ҳам фойдаланилди.

Конституциявий комиссия 1992 йил 26 сентябрда Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйди. Шу бўйича тушган барча таклиф, мулоҳазалар ўрганиб чиқилиб, Конституция лойиҳасига киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат.

 Ўзбекистон Республикаси Конституциясини юклаб олиш