Muhabbat siniqlari

Унинг яна юраги ғашланди. Кўксини нимадир куйдирди. Шу пайт эрининг телефони жиринглади. Аёлнинг тилка вужуди жамланиб, қулоққа айланди, гўё. Шамсиддин эса катта, юпқа, ялпоқ телефони устида бармоқ юрғизаркан, оғзини очмасдан димоғида кулди.


Мухлисадан ҳам яқинроққа айланган ҳамроҳини қулоғига босганида ҳам ўша ҳолда ҳирингларди. Аёл ётоққа кираётган киши бўлди-да, телевизорга рўпара ўтирган эрининг орқа томонига ўтиб, қотиб турди. Эркак буткул унга бепарво. Дунёда фақат телефондаги суҳбатдоши ва ўзи бордек. Ҳамон бир сўз айтмай, оғзини ҳам очмай кулади холос. Бу Мухлисани баттар эзади.


«Ҳозир бораман-у, телефонини қўлидан юлқиб олиб, отиб юбораман! Йўқ, аввал экранига қарайман. Ким экан?”


У хаёлини кўз ўнгида жонлантириб, ўзини йўқотди.


Юраги бўғзида ураяптими, нима бало? Ҳали эри томон бир қадам ҳам ташлагани йўқ-ку! Ундай қилолмайди…


Ётоқ каравоти томон қадам ташларкан, ўзини беҳол сезди. Ҳали каравотга етмай туриб, қадди букилди. Қўлини чўзиб, каравотга таянганча оҳиста ўтираркан, ўзини эскирган, қуввати тугаган, кераксиз соат батарейкасидек ҳис қилди. Олиб келинган чоғида авайлаб соатга жойланган, соатнинг «чиқиллаши”дан қувониб, эҳтиёткорона тепага осилган, энди янгиси келганида унга умуман ачинмасдан, ўйламай, бепарво улоқтирилган батарейка…


Уни ҳам яроқсизга чиқариб, бир четга отишди.


Мухлисанинг йиғлагиси келди. Боя томоғига қадалган юрак энди олов каби куйдира бошлади. Унинг ҳолини янада абгор қилишга урингандек эри қувноқ овозда деди:


— Қанақа кафе? Ресторанда ўтирамиз.


— Совға ҳам бўлади. Совға олмай бўладими? — эрининг бу гапидан сўнг унинг танасини жон тарк этаётгандек, секин ўринга чўзилди.


—Ўйлаб кўрамиз, балки у ёқ-бу ёққа ҳам борармиз. Ҳозир ҳамма ресторанга боришдан аввал шаҳар айланаётган экан-ку!


— Юрагида муҳаббати борлар нима қиларкан? — шу гап оғзидан чиқиши билан баралла қийқирди эри.


— Анвар синфдошим бор-ку, ўша… — деди Шамсиддин гаплашиб бўлгач, Мухлисага қараб. — Эртага кўришайлик деяпти.


— Эсимда. Аниқ ўқийман! Худди аввалгидек: «Кеча келгумдир дебон, ул сарви гулрў келмади…” — Шамсиддин ғазалнинг бир байтини шунчалар чиройли ўқидики, Мухлиса аввал сира эшитмаганди.


— Қайсини? Ў-ў-ў, уни севаман! Ҳозир ҳам севаман: «Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадур, Не ажаб, чун сарвинозим ўн сакиз ёшиндадур…” Ўқийман, ўша куни иккаласини ҳам ўқийман!


— Ойи, биз келдик. Мана, олиб келдик, — катта ўғлининг овозидан аёл сергак тортди.


— Ойи, кўрмайсизми? — кичик ўғлининг қизиқувчанлиги тутганини пайқаган она ўрнидан қўзғалди.


— Очайми? — катта ўғли қўлидаги қутига ишора қилди.


— Бу жуда катта экан-а, ойи? — кичкинаси акасига янада яқинлашди. — Энди сочингиз бир дегунча қурийди. Қаранг, тугмалари ҳам кўп экан…


— Ичкарига қўй, — деди-ю, эрига юзланди: — Овқат сузайми?


— Ойинг роса оч қолибдими? — ўғилларига қараб кулди Шамсиддин. — Ё жаҳл ари чақдими?


— Ҳеч ким жаҳл арини чақиргани йўқ! — деди кичкина ўғли.


— Ҳеч нарса чаққани йўқ, мени! — косасидан кўз узмай деди Мухлиса. — Мен ўзимни арига чақтириб, қараб ўтирадиган ёшдан ўтганман…


— Олдик, аскарлар! Бугун бизам қўмондондан илтифот кутмаймиз! — тағин кулди эри. — Чунки қўмондоннинг ўзи бўридек оч экан…


— Муси, — деди охири ҳар доимгидек эркалаб. — Қўлимни боғлаб қўй!


— Айтган соч қуритгичингни олиб келмабдими, жаҳлинг чиқди… — хотинининг дил туғёнларидан бехабар эр сабабни бошқа томондан қидирди.


— Ёқди, — наридан бери эрининг бармоғини бойлашга киришди аёл.


— Мус-и-и, мактабни битирганимизга йигирма йил бўлибди. Қара, йигирма йил! Болалар тайёргарликни бошлаб юборишди. Кафеда нишонлаймиз, дейди. Нима бор кафеда? Ресторан гаплашамиз, дедим. Устозларга совға ҳам олиш керак. Тўғрими? Яхшилаб бойла, Муси… Ҳар куни битта синфдошим телефон қилади. Бир-биримизни йўқламай қўйгандик. Мана, юбелей баҳона қўнғироқлашиб, болаликка қайтгандек бўляпмиз. Адабиёт ўқитувчимизга менинг ғазал айтишим ёқарди. Айниқса, Навоий ғазаллари… Йигирма йилликда айтсамми, деяпман. Болалар айт, деяпти. Ҳеч ким кулмас, а? Ваҳ, секин Муси, оғриди бармоғим… Майгача анча бор, лекин ҳамма ҳаяжонда! Йигирма йил оз вақт эмас-да! Ғазал ўқийми, йўқми, Муси? «Ўн сакиз минг олам ошуби агар бошиндадур, Не ажаб чун сарвинозим ўн сакиз ёшиндадур…” — Шамсиддин ғазални гўзал ўқиш баробарида рафиқасининг иягидан тутиб, ўзига қаратди.


Унинг яна димоғда кулгани эшитилди. Бу кулги Мухлисанинг янада ҳолсизлантирди.


Қачон бу қадар ўзгарди, эри? Қайси пайт Мухлиса уни йўқотди? Тўғрироғи, ўзидан йироқлаштирди? Ҳа, шундай бўлди. Шамсиддин ҳар кунги вақтда уйга келади, рўзғор ташвишларини унутмайди, болалари учун ҳам ҳар доимгидек меҳрибон, жонкуяр. Фақат ундан йироқда. Бир уйда яшашяпти-ю, ораларидаги масофа чексиз…


«Мен кўнглини қолдирадиган иш қилмадим. Ҳар доим парвонаман. У бўлса…”


Ўкириб юбормаслик учун юзини болишга босди.


Аёл эрининг сўзлари қулоғига кирмаслиги учунми, ё оғриқни босиш ниятидами икки кафти билан бошини ғижимлади.


«Шунчаликка ҳам борадими? Мени эшитяпти ҳам демайди…”


Мухлисанинг хўрлиги келди. Ўзини тандирдан узилган иссиқ нон келган чоғида индамай нари суриладиган қотган нонга ўхшатди. Лекин қотган нонни ҳам авайлашади. Ҳеч бўлмаганда талқон ё мол учун асрашади. У-чи? Уни асрашаётгани ҳам йўқ. Топташяпти…


Ёмонга қўшилса, шунақа бўлади. Яқинда бир синфдош ўртоғи билан топишганди. Эшитган, у ёшлигида жуда безори ва семуҳаббат бўлган экан. Қайнонаси янги келин бўлган чоғларида ҳам эрининг ўша синфдоши келса, норози бўларди.


«Ойи, Анвар энди оилали, иккита боланинг отаси… Ўзгарган, босилган…”, — оқларди эри.


Бир ҳафтача аввал ўша қўнғироқ қилди.


Мана, у билан учрашганига бир ҳафта бўлдими, йўқми, буткул ўзгарди. Уйга келган заҳоти телефони жиринглаб, «Ие, ўзлари-ку! Соғинганмиз…” деганидаёқ Мухлисанинг қалби дарз кетганди. Кейин ҳар куни ишдан қайтгач, бугунги каби гапларни айтиб, вайрон дилини бурдалаяпти.


Эрининг суҳбати авжига чиққани сари Мухлисанинг мадори қуриб борарди. Худди тилка-тилка бўлган юрагидаги муҳаббати ҳам чил-чил бўлган, энди ўша синиқлар ҳам умаланаётгандек ҳиссиз ва жонсиз эди.


У қанча ётди, Шамсиддиннинг оташин гурунги қачон тугади, билмади ҳам.


Эри ҳам ҳиринг-ҳиринггини ўғиллари билишини истамагандек, суҳбатини якунлади.


«Болаларни қаёққа юборгандим? Нимани олиб келишди?”


Ётоқдан чиқиб, залга қадам қўяркан, эри томонга қиё боққиси ҳам келмади. Лекин беихтиёр нигоҳлари унинг ҳамон телефондан кўз узмай ўтирганини сезди.


Қоғоз қутининг юзасидаги суратни кўргачгина Мухлиса ўғилларини қўшни «дом”да яшовчи савдогар аёлникига юборганини эслади.


Аёл соч қуритгични ҳафсаласиз томоша қилди.


Шамсиддин бутун борлиғи билан телефонига кириб кетгудек бўлиб ўтиргани учун эшитмади, ҳам. Мухлиса шу матоҳни чиқарганни ҳам ланъатлаб, ошхонага йўналди.


«Бунчалар ақлини олган ким? Ўша Анвар ким биландир таништириб кетган буни. Нима қилсам экан? Қайнонамга айтсаммикан? Ҳар доим менга «бўшсиз” деб юрарди. «Яхши бўпти, лаллайиб юраверинг”, дейди-да! Қачон менга ўзгани севиб қолганини айтаркан? Айтармикан? Бунча анқов бўлмасам, ахир айтиб бўлди-ку! Ошкора, ёнгинамда ғазал ўқиб ўтирибди-ю… Бу дегани «Мана, эшитяпсан, билдинг, ўзинг хулоса чиқар”, дегани-да! Нима қилишим керак, энди? Жанжал қилиб, чиқиб кетишимни кутяптими? Бири ўн, бири саккиз ёш бўлиб, бўйи бўйимга тенглашай деган ўғилларимни етаклаб отамникига кетаманми, энди?”


Сал аввал ҳолсиз, кучсиз, ожиз ётган аёл энди ғазабдан титраб, ёна бошлаганди. Қаердандир ёғилиб келаётган куч қонини ҳам қайнатаётганди.


«Кетиб бўпман! Мени ҳали бирор марта кафега олиб бормаган одам, унга ресторан ваъда қиляпти-ю, жим кетаманми? Мен ҳам без бўлиб яшайвераман! Кўзим кўр, қулоғим кар! Қани, қанақа қилиб айтаркансиз, севиб қолганингизни? Қандай қилиб, ҳайдаркансиз, мени? Бир ҳафтадан буён аҳмоққа ўхшаб ўзимни еб юрибман-а? Энди кўрасиз, гунг, кар, кўр хотин билан яшаш қанақалигини! Ёнимга олиб келсангиз ҳам парво қилмайман! Кўрмайман, эшитмайман, гапирмайман! Шунақа қилиб куйдираман…”


Мухлиса бир зумда овқатни сузиб дастурхонга келтирди. Шунчалик хаёлларига берилиб кетдики, ҳеч кимга қарамай овқатни ея бошлади ҳам. Ҳар доим эрининг бошлашини кутадиган, фарзандларига ҳам шуни уқтирган аёлнинг бу қилиғи ҳаммани лол қилди. Эр ҳатто анқайганча, телефонини четга олди.


Улар оилада аччиғи чиққан кишига шу иборани қўллашарди.


Мухлиса кечки овқатдан сўнг идишларни ювди, кийим дазмол қилди, телевизор кўрди. Барибир чалғимади. Алами зўрлигидан атай ётоққа кирмай ўтираверди. Эрининг ухлашини кутди. Шамсиддин ҳам жўртага қилгандек, ётай демасди.


Мухлисанинг кўз олдига эрининг кўча бошлаган тирноғи келди. Тўрт кунча аввал эшик зулфини тузатаётганида бармоғини уриб олганди. Ўша бармоғининг тирноғи кўкариб, энди кўчяпти. Ноилож ўрнидан қўзалди аёл.


Мухлиса эрининг кўзларига қаролмади. Лекин қалбида, боя гумондан чил-чил бўлган муҳаббати синиқларида эрининг аксини кўрди…