Назаримизда, хатлар бизга тақдир битикларини ташувчи кабутарлардек туюлади. Ҳар битта мактубда, битта қисмат манзараси акс этади. Уларни ўқиб, ўйга толамиз, изтироб чекамиз, баъзида кўзларимиз ёшланади ҳам. Ушбу Сирдарё вилояти, Сирдарё туманидан келган келган нома эгасининг сабрига эса қойил қолдик…
Мени ҳамма бахтли деб ўйлайди. Ўз ота-онам ва ҳатто қайнона-қайнотам ҳам. Мен юрагимда сақлаб келаётган дардларимни ҳатто қўшниларим ҳам билмайди. Чунки бор кечмишларимни ичимга ютаман.
Турмуш ўртоғим киракашлик билан шуғулланади. Тошкентга қатнайди. Топиш-тутиши шунга яраша. Лекин рўзғоримизда барака йўқдек. Биламан, атрофимиздаги бошқа таксичиларнинг оиласи тўкин-сочин. Уй-жойларини ҳам жуда чиройли қилиб олишган.
— Нега биз сира орттира олмаймиз. Нима учун одамларга ўхшаб, уйга мебель, жиҳоз ололмаймиз? Ҳатто, таъмир қилишга ҳам қурбимиз етмайди? — дердим баъзида куйиниб.
— Жўжабирдек жон бўлсанг. Болалар ёш-да. Катта бўлсин, бизам орттириб қоламиз, — деб қўярди эрим.
Тўрт фарзандимиз: икки ўғил, икки қизимиз бор. Катта ўғлим ўн олти ёшга тўлди. Ҳамма нарсани фарқлаб, билиб қолган.
— Ўртоқларимнинг ҳамма нарсаси бор. Уйлари ҳам жуда чиройли. Мен ўртоқларимни уйга бошлаб келишга ҳам уяламан, — деди бир куни.
Мен ўзим ҳам биримизни икки қила олмаётганимдан кўп сиқиламан. Нима қилай, ахир? Эрим куну тун ишлайди. Топгани ейиш-ичиш ва кийим-кечакдан ортмайди. Бу ҳам етмагандек баъзида бирор нима олармиз деб йиққан пулимиз йўқолади ҳам. Ҳаммаси эмас албатта. Масалан, уч юз минг сўм қўйиб қўйган бўлсак, шундан эллик, ўттиз минг йўқ бўлиб қолади. Мен олмаганман, эрим ҳам «олмадим”, дейди.
— Ташқаридан ўғри тушса, ҳаммасини олиб кетади-да, буни уйдан биров қиляпти… — дейман-у, катта ўғлимга ёпишаман. — Сен ўзингча олифталаниб қолгансан. Пулларни олаётган сенсан! Бошқа ит ҳам олмайди!
— Ойи, нималар деяпсиз? Пул керак бўлса сўрайман-ку! — йиғлагудек бўлади, у.
Тағин мана энди беш юз-олти юз минг йиғдик деганимизда эрим йўл қоидасини бузади-ю, пул ўшанга кетади.
Мен яна сиқиламан.
— Нима қилсак, биримиз икки бўларкан? Бунақада болаларни қандай ўқитамиз, қандай уйли-жойли қиламиз? — дея ич-этимни ейман.
— Ўйланма, бир гап бўлар, — дейди эрим бепарво.
Эримнинг одати шу. Ичи ҳам, феъли ҳам кенг одам. Сира сиқилмайди. Мени ҳам уриб-сўкавермайди. Шунинг учун ҳам ҳамма мени жуда бахтли деб ўйлайди. Ўзим ҳам шундай деб ўйлардим, токи…
— Дадамни тергамайсиз. Дадамни суриштирмайсиз, — деди бир куни катта ўғлим ўз-ўзидан.
— Телефонини қаранг. Сиз билмайсиз-да! Анув куни кўриб қолдим, мен. Сиз бу ерда тиним билмайсиз. Рўзғор қиласиз, камига мактабга бориб фаррошлик ҳам қилиб келасиз. Дадам эса… — у бошқа гап гапирмади.
Тўғрироғи, ўзим гапиртиргани қўймадим. Нимани кўрди, экан, телефонда? Юрагимни ваҳм босди. Шанчалар таъсирланадиган нима бор экан?
Эрим йўлдан қайтгунча ич-этимни едим. Келганида ухлашини кутдим. Одатда йўлдан келгач, ухлайди. Бу пайтда болалар ҳам жим ўтиришади. Мен тайинлаб ўргатганман. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Овқат сузиб бердим. Еди-ю, ухлагани ётди.
Мен эса уйнинг у ёқ, бу ёғини йиққан киши бўлиб, эримнинг телефонини олдим. Умрим бино бўлиб, унинг телефонини титкилаган одам эмасман. Ҳатто болаларим ҳам қўлга олишмайди. Катта ўғлим қанақасига кўриб қолди, экан. Ҳа-а, анув куни жиринглаб қолди. Эрим ҳаммомда эди. Мен «Ол, телефонни”, дедим. Ўша пайтда гаплашиб бўлиб, титкиладимикан, ё?
Минг гумон билан телефонни уйдан олиб чиқдим. Дир-дир титрайман. Тавба, нега бунча қўрқмасам? Қаерда телефонга қарасам экан, деб ҳам анча вақтни ўтказдим. Бирорта хонага кирай десам, ортимдан болалар кириши тайин. Охири ҳаммомга кирдим.
Савил, аксига олиб телефонни у қадар яхши тушумайман ҳам. Шундай бўлса-да, ўзим билганча, титкилай бошладим. Шубҳали ҳеч нарса кўрмадим. Хаёлимда ҳамма файлларни титкилаб чиққандек эдим. Яна қайта қарай бошладим. Ниҳоят…
Видеолар кетма-кет турган файлга кирдим. Кўрдим-у…
Бир видеода эрим қанақадир кафеда. Ярим яланғоч рақс тушаётган қизлар билан ўйнай бошлади. Уларга пул қистирди.
Яна бирида қандайдир хона. Оддий хонадоннинг хонаси шекилли. Бир аёл юзига парда тутиб юриб келди. Сўнг очиқ белларини қилпиллатиб, қоринларини селкиллатиб билтанглаб рақс туша бошлади. Ярим яланғоч эди бу аёл ҳам. «Яхшилаб ўйна, мана, мана буни бераман”, деган эримнинг овози эшитилди. Экранда бир қўл ҳалиги аёлга иккита беш минг сўмлик қистирди. Қўл эримнинг қўли эди.
Бошқа бирида эса худди ўша аёл энди эримнинг елкасига бошини қўйиб ўтирар, эрим кабоб ейиш билан банд. Аёл эса ўзини ва ўзига қўшиб эримни ҳам тасвирга оларди…
Қолганини кўришга тоқатим етмади.
Бирдан рўзғоримизнинг баракаси қаёққа кетишини англадим. Пуллари нега тўсатдан йўқолишини, нима учун ҳар икки кунда эримнинг йўл патрул хизматига жарима тўлашини тушунгандек бўлдим. Демак, эримнинг «йўл патрул хизмати деб қилаётган баҳоналари ҳам, ўз уйига ўғрилик қилишга мажбур этаётган ҳам мана шу аёллар.
Хўрлигим келди. Ахир рўзғордаги етишмовчиликни деб болаларим ҳар куни гўштли овқат емайди. Мен доим опа-сингилларимнинг эски кийимларини олиб кияман. Кичик болаларим сира янги кийим кийган эмас. Доим ака ва опаларининг эскини кияди.
Адойи тамом бўлдим. Демак, неча йиллардан буён мана шу шармисорликнинг нуқсига, ёлғонларинг комига қоришиб яшаб келаётган эканман-да!
Доим ҳайрон бўлардим, машинаси борлар, кира қилаётганлар ҳечам кам бўлган эмас. Бир-икки йилга қолмай уйларини ҳашаматли қилишади, машинасини алмаштиришади. Биргина биз доим йўл патрул хизматининг «қармоғи”га илинамиз, пулимиз йўқолади, йўловчиларнинг олғирига учраймиз…
Аслида буларнинг ҳаммаси баҳона эканлигини энди тушундим. Дод дегим келди. Яна узоқ-узоқларни ўйладим. Энг аввал болаларимнинг кўнгли синишини… Мана катта ўғлим ўзгариб қолди-ку! Дадаси келиши билан ўзини олиб қочади. Юзига қарашни истамайди. У билди, дадасининг турли кўнгилхушликларни деб пул сарфлаши-ю, биз оиласи бу ерда қийналиб яшашимизни…
Мана шу воқеага ҳам, ҳамма сирдан воқиф бўлганимга ҳам олти ойдан ошди. Ҳамон эримга бир нима дея олганим йўқ. Телефонини кўриб тураман. Ҳар гал янги видео пайдо бўлади. Ҳали у ресторан, ҳали бу кафеда бўлган ўйин-кулгу, кўнгилхўшлик акс этган манзаралар…
Ҳалиям ўша баҳоналар оғушида яшаяпман.
— Онаси, — деб кириб келади ўзини жабрланувчи қилиб кўрсатиб. — Анча пул ишлагандим. Эсиз, шундай Чинозга кирганимда, битта патрул… Бор-будимни тўладим. Мана, бори шу. Олиб кириб қўй. Борига барака, майли… Жуда чарчадим, бир ухлаб олай. Эрталаб яна кетаман. Кўзим ўйилиб тушай деяпти. Йўл еб қўяди-да, одамни. Йўлга тикилавериб, кўзларим ёшланиб кетди. Озроқ дам олай…
Шартта-шартта ҳаммасини юзига айтиб ташлай дейман. Яна жим қоламан. Бошласам, жанжал бўлади. Қайнона-қайнотамнинг қулоғига етади. Ўзи уларнинг қон босими бор. Кейин ўз ота-онам эшитади. Уларга ҳам осон эмас. Болаларим билса не бўлади?
Кўп нарсаларни ўйлаб, ичимга ютаман. Ҳайронман, қачонгача сабр қиламан? Қачонгача жим юраман? Ахир жим юриб ҳам бўлмайди. Фарзандларимнинг келажаги учун ҳам эримни бу йўлдан қайтаришим керак. Лекин қандай қилиб?
Бир неча бор оғиз жуфтладим. Гапира олмадим. Ҳар гал янги видеоларни, янги кўнгилхушликларини кўрганимда ўз ёғимда ўзим қовруламан. Рашк юрагимни жизғанак қилади. Лекин сабр қиламан. Вақти-соати етар, дейман. Аммо қачон? Нега мен бунақаман? Нима учун ҳақиқатдан бу қадар қўрқаман? Илтимос, менга маслаҳат беринг. Қандай йўл тутай? Биламан, менимча эрим салкам беш-олти йилдан буён шундай яшаб келмоқда. Ўрганиб бўлган, кайфу-сафога. Гапирганим билан қайтармикан, бу йўлидан. Шу томонларини ўйлаб ҳам ўзимни жанжалдан тияман. Сизлардан ўтинаман, менга тўғри йўл кўрсатинг…