9 МАЙ — ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ
Хотира бор экан,тирикдир миллат,
Тирикдир ифтихор,тирикдир ғурур.
Хотира — элни халқ этгувчи қудрат,
Хотира — эртани ёритгувчи нур.
Ҳатто майсанинг ҳам хотираси бор,
Майса хотираси — нурга интилмоқ.
Кўкарса — иккига бўлиб ташлайди
Йўлининг устида турса ҳатто тоғ.
То қуёш осмонда порлаб тураркан,
Осмондай мангусан,эй, она халқим!
Ҳар бир фожиага,ҳар бир шарафга,
Баҳо бермоққа ҳам ёлғиз сен ҳақли!
9 МАЙ — ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ
Хуршид Даврон
ХОТИРА ШЕЪРЛАРИ
1941 ЙИЛ. 22 ИЮНЬ. ТОНГОТАР
Уларни отишди тонг палласида…
Отасин қўлини ушлаган гўдак
Милтиқларга қараб секин сўради,
Сўради: «Ўқ тегса оғрирми, дада?»
Унинг овозини босди гулдурак…
Баҳорда жарликни қоплар ўт-ўлан,
Ўтлар узра сузиб ўтар оқ булут
Ва шунда бир чечак аччиқ дард билан
Тинмасдан шивирлар: «Оғриркан, дада!»
Бу нола ҳеч қачон бўлмайди унут…
* * *
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган Нуриддин тоғамга
…Совуқ шамол мени қувади,
Сокин шаҳар кўчаларида.
Қизлар эса мени севади
Олис баҳор кечаларида.
Сизни севган у қиз тирикми?
Қийнайдими хотира расми?
Тунлар унинг боши эгикми,
Нуриддинми ўғлининг исми?
1977
* * *
Қўшоқ ака, ухламайсиз,
Қишнинг узун кечаси,
Ёки ўйлаб қийналарсиз
Қўлдаги ўқ парчасин.
Ражаб ака, сиз ҳам уйғоқ,
Енголмассиз қийноқни,
Соғиндими ё ўнг оёқ
Кесилган чап оёқни.
Ярим тунда, қишлоқ аро
Учар ғамгин хаёллар,
Эрларини, ўғилларин
Ёд этади аёллар…
1972
* * *
Бева ҳовлисига тун олдин кирар,
Қуюқлашиб борар дилда хотира.
Деворда, суратда: бир йигит кулар,
Ёнида жилмаяр бир қиз бокира.
Бева энг чиройли кўйлагин кийиб,
Очиқ деразадан термулар ғамгин.
Хона бурчагида ғамдан энтикиб,
Эски пластинка ғижиллар тағин.
Оқшомлари қийин бўлар бевага:
Хотиралар дилга кирар қуралаш.
Оғир бўлса ҳамки, тасвир бўлса ҳам
Суратга жилмаяр кўз ёш аралаш.
1974
ФРОНТОВИК ҲАҚИДА БАЛЛАДА
Урр-а-а!
Қичқирар, бўғилар ярим тунда у,
Хотини даҳшатдан туради сапчиб.
У эса эмаклар, (эмаклайди тун),
Елкада ярадор дўстин опичиб.
Тун уйқусирайди,
Тун бақиради:
“Батальон, орқамдан!”
Инграйди аста.
Кимнидир бўғилиб у чақиради.
Эски яраларнинг куйи остида
Ва яна олдинга, яна олдинга,
Мушт бўлиб тугилар титроқ қўллари.
Хира қорачиқдан кинолентадек
Ўта бошлар олис уруш йўллари.
Хотини уйғотар…
Бироқ урушнинг
Ваҳмидан қутулиб кетолмас қалби.
Қўлда папироснинг рангин қутиси
Ғижимланар сўнгги обойма каби.
1975
ЖИГАРЛАРИМ
Ватан чегараларини ҳимоя қилиб қурбон бўлган ўзбек ўғлонлари хотирасига
Ватан учун жонин берган жигарларим,
Ҳурлик учун қонин берган жигарларим,
Хоинларни итдай қирган жигарларим,
Унутмайди номингизни она Ватан.
Волидангиз:«Фарзандимдан розиман» — дер,
Ризолигин айтар сизга шу она ер,
Эй, Бобуржон, эй,Улуғбек, эй Алишер,
Номингизни унутмайди она Ватан.
Ортингизда ўзбек деган миллат қолди,
Ўзбекистон деган улуғ давлат қолди,
Сиздан мерос жасорату шиддат қолди,
Сизни асло унутмайди она Ватан.
Сиз туфайли уйим тинчдур,бахтим омон,
Сиз туфайли кунлар келар дориломон,
Эй Ғафуржон, эй Маҳмуджон, эй Эломон,
Унутмайди,унутмайди сизни Ватан.
Садоқатни жо айлаб сиз дилингизга,
Белбоғ бойлаб шижоатдан белингизга,
Кўкрагингиз қалқон бўлди элингизга,
Сизни абад унутмайди она Ватан.
Токи ўзбек,Ўзбекистон дунёда бор —
Сизлар ила қилар фахр ва ифтихор,
Эй Қаҳрамон, эй Маъруфжон, эй Сайёр,
Унутмайди, унутмайди сизни Ватан.
Ҳаққингизга дуо айтар Темур бобо,
Дуо айтар Тўмарисдек қутлуғ момо,
Дуо айтар қонингизни ичган гиёҳ,
Унутмайди номингизни она Ватан.
Энди сизга Алпомишлар йўлдошу ёр,
Энди сизга абадият айтар алёр,
Эй Юнусбек, Абдухалил, эй Дониёр,
Унутмайди,унутмайди сизни Ватан.
Ватан учун шаҳид кетган жигарларим,
Ор-номусни баланд тутган жигарларим,
Абадият сари кетган жигарларим,
Унутмайди номингизни она Ватан.
ХОТИРА МАЙДОНИ
Серзарда замонлар ўтдилар қатор,
Ўтдилар йиллару ойлар ранг-баранг.
Мозийдан бугунга етмасди овоз,
Бўлмаганда ,халқим,сенинг хотиранг.
Сен ўзинг нақш этдинг ҳаёт қиссасин,
Сен ўзинг сўнг уни айладинг баён.
Олис боболарнинг босган ҳар изин
Ўзинг авлодларга этдинг намоён.
Диллардан зулматни қувай деб ёнган
Навоий қаламин ёритган чироқ,
Ҳазрат Соҳибқирон тузукларидан
Кўчиб,фикрларни ёритган чақмоқ,
Она Тўмариснинг шонли қисмати,
Жалолиддин тиғи таратган жаранг,
Бизнинг юраккача, балки, етмасди,
Бўлмаганда,халқим,сенинг хотиранг.
Имом Бухорийнинг шаффоф имони,
Улуғбек фикрида балқиган юлдуз,
Маҳмуд Торобийнинг муқаддас қони
Сенинг хотирангда сақланар ҳануз.
Шу боис номингни йўқ этай дея
Ёвларинг хотиранг бузмоқчи бўлди,
Ёлғону туҳматлар, уйдирма ила
Тарихинг қайтадан тузмоқчи бўлди.
Сени жоҳил деди,саводсиз деди,
Алдамоқчи бўлиб бутун дунёни.
Дунё билар эди — унга сен бердинг
Буюк Хоразми-ю улуғ Синони.
Истиқлол байроғи юксалди баланд,
Яна насиб бўлди озод истиқбол,
Уч минг йиллик кўҳна тарихингни ҳам
Бағрингга қайтарди шонли истиқлол.
Истиқлол қадимий ўзбек номини
Қайтадан кашф этди аҳли жаҳонга.
Қадрлаб ҳар мудом ўзбек шонини,
Дунёни қаратди Ўзбекистонга.
Дилда Хотирани имондек сақланг,
Дилда бўлсин ота- онанинг ёди.
Чечакдай кўкарсин қалблар боғида
Олис аждодларнинг сўнган ҳаёти.
Унутманг,яшамай йигит ёшини,
Бўса мазасини билолмай ҳатто,
Неча эрлар ерга қўйди бошини
Жонини юртига қилганча фидо.
Уларнинг ёдини эъзозлаб яшанг,
Сафда юрганларни қадрланг мудом.
Хотира майдонин лавҳаларида
Битилсин ҳар битта унитилган ном.
Мотамсаро Она қошига боринг,
Яширмай кўзлардан оққан ёшингиз.
Шаҳидлар ёдини эслаб,бир лаҳза
Оёғи остига қўйинг бошингиз.
Хотира бор экан,тирикдир миллат,
Тирикдир ифтихор,тирикдир ғурур.
Хотира — элни халқ этгувчи қудрат,
Хотира — эртани ёритгувчи нур.
Ҳатто майсанинг ҳам хотираси бор,
Майса хотираси — нурга интилмоқ.
Кўкарса — иккига бўлиб ташлайди
Йўлининг устида турса ҳатто тоғ.
То қуёш осмонда порлаб тураркан,
Осмондай мангусан,эй, она халқим!
Ҳар бир фожиага,ҳар бир шарафга,
Баҳо бермоққа ҳам ёлғиз сен ҳақли!
Замонлар ўтажак қуюн сингари,
Неча юлдуз сўниб,тамом йитажак.
Сенинг ёдинг борки,ёруғ кунларга
Бизнинг кўзлар ила боқар келажак.
Ишонаман, ўша олис эртада —
Фасли новбаҳорнинг масъум палласи
Хотира боғига келиб бош эгар
Олис келажакнинг эрка боласи.
Унинг кўзларида ёнган шуурда
Навоий ҳикматин нури кўрингай,
Унинг юрагида жўшган ғурурда
Боболар юрагин қўри кўрингай!
9 may xotira sherlari