Ҳайрат Тўрақўрғоний (1845-1915)

Умрзоқ Холбой ўғли Ҳайрат (1845—1915) илғор фикрли маърифатпарвар шоир ва нозиктаъб хаттот. У Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги Ёртепада камбағал деҳқон оиласида дунёга келди.


У дастлаб қишлоқ мактабида, сўнг Тўрақўрғон марказидаги Ғойибназар мадрасасида таҳсил кўрди. У таҳсил давридаёқ бадиий ижодга қизиқди, ўзбек ва форс-тожик классиклари асарларини қунт билан мутолаа қилди. Хаттотлик санъатининг кўплаб сирларини ўрганди.


Мадрасани тугатгач, Тўрақўрғон мингбошисига мирза бўлиб ишлади, кўп вақтини котиблик билан ўтказиб қишлоқ деҳқонларига ариза, мактуб ва мероснома, китоб кўчириб бериш ҳисобига фақирона ҳаёт кечирган.


Янги усул мактаблари очила бошлагач, бу мактабларда ўқиш учун қишлоқдан талабалар кела бошлади. Дунёвий билимлар ўқитилаётгани учун шоир ўз қишлоғидаги болаларни ўқишга даъват қилади. Ҳайрат дўсти Фурқат ва бошқа маърифат тарқатувчилар сингари илм-маориф, фан ва маданиятни кўплаб шеърларида тарғиб-ташвиқ қилади.