Отажон Абдалов (1856-1939) — илк ўзбек матбаачиси ва ношири. Матбаачилик фаолиятини 1874 йилдан Хива шаҳрида Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II саройида ташкил этилган тошбосмада ишлашдан бошлаган.
Отажон Абдалов 1876 йилда Абдуносир Фароҳийнинг «Нисабус-сибён» асарини тошбосмада босиб хонга тақдим этди. Бу китоб Хивадагина эмас, балки бутун Ўрта Осиё миқёсида биринчи босма китоб ҳисобланади.
Отажон Абдалов босиб чиқариш учун лойиқ асарларни ўзи танлаб, уларни Муҳаммад Раҳимхонга чоп этишга рухсат бериш учун тавсия қилган. Қўлёзмаларни нашрга тайёрлашда ўзига замондош бўлган таниқли хаттот ва шоирларнинг кўмагидан фойдаланган.
1876—1910 йилларда Отажон Абдалов Хива матбаасида 10 дан ортиқ китобни нашрдан чиқарди. Булар орасида Навоийнинг «Хамса» (асарнинг «Ҳайрат-ул Аброр» қисми; 1880), «Хазойин-ул Маоний», 1881, «Чор девон» (1882), Огаҳийнинг «Таъвизул ошиқин» (1882) номли асарлари, Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз)нинг ғазаллари (1897) ва «Мажмуат уш-шуаро» (1900) тўпламлари бор.
Отажон Абдалов Хоразм халқ ҳукуматининг бир қанча хитобномалари, тарихий ҳужжатларини, Хива шаҳрида ўзбек, рус, туркман, қорақалпоқ тилларида газеталар чиқаришга бошчилик қилган.