Анбар Отин (1870-1906)

Анбар Отин Фармонқул қизи (1870 — Қўқон — 1906) — ўзбек шоираси. Отаси Увайсийнинг жияни. Онаси Ашурбиби оддий косиб қизи. Анбар Отин Дилшод отин мактабида таҳсил олган. Анбар Отин шеърлар ижод қилиш билан бирга маҳалласидаги ёш қизларга таълим ва тарбия бергани туфайли Отин номига эга бўлади.


Анбар Отин ўзбек ва тожик тилларида ижод қилган. Ижодда кўпроқ Увайсийга эргашган. Навоийни биринчи устоз ҳисоблаган. Замондошлари Муқимий, Фурқат, Завқийлар билан таниш бўлган. Шеърларида уларга мурожаат қилган, улар билан баҳслашган.


Ўзбекча шеърлари (48 та)дан девон тузган. Ундан 41 ғазал, 4 мухаммас, 1 қитъа, 1 маснавий, 1 мустазод ўрин олган (1905). 70-йилларнинг бошида шоиранинг 40 га яқин шеърдан иборат яна бир қўлёзма девони, «Қаролар фалсафаси» рисоласи, 160 мисралик «якка байт»лари топилди, тожикча ғазалларидан девон тузиш нияти бўлган, аммо бор-йўқлиги ҳозир номаълум.


Анбар Отин шеърлари аксарият ижтимоий мавзуда. Замона адолатсизлигидан, меҳнатчи халқоғир аҳволидан сўз очади, маърифатни улуғлайди. «Қаролар фалсафаси» асарида аёлларнинг оғир қисмати ҳақида ҳикоя қилинади.


Анбар Отин асарлари қўлёзмаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондида сақланади (инв. № 1647).


Бегали Қосимов.