Қори Йўлдош Пўлатов (1890-1965)

Пўлатов Қори Йўлдош Пўлатович [1890, Бухоро амирлиги (ҳозирги Лебап вилояти)даги Карки шаҳри — 1965.1.4, Тошкент] — давлат ва жамоат арбоби. Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг намояндаси. Мир Араб мадрасасида таҳсил олган.


Қори Йўлдош Пўлатов Ёш бухороликлар фирқасининг Карки шўъбаси бошлиғи (1912 йилдан); Самарқанд вилояти халқ таълими мудири (1919—20); БХСР маориф нозири (1920—22), ички ишлар нозири (1922), молия нозири ва иқтисодий кенгаш (экосо) раиси (1922—23). Ўзбекистон ССР Молия халқ комиссари (1925— 29), айни пайтда СССР Давлат банки Ўрта Осиё бўлими бошқарувчиси муовини (1929—32). Ўзбекистон ССР Ер ишлари халқ комиссарлигида, Андижон ва Хоразм округларида, турли лавозимларда ишлаган (1929—37).


Қори Йўлдош Пўлатов 1909 йилдан бошлаб Бухоро амирлиги Карки беклигидаги жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган. Янги усул мактаблари очган ва муаллимлик қилган. Аҳоли ўртасида жадид матбуотини тарқатган, ўзбек тилида театр спектакллари қўйилишини ташкил қилиб, ундан тушган маблағ ҳисобидан қироатхона ва кутубхона очган. Бухоро республикасида маориф тизимини ташкил қилиш, Германия ва Туркияга 40 нафар ёшларни ўқишга юборишда Фитрат билан биргаликда катта ишларни амалга оширган.


1937 йил 11 июлда Қори Йўлдош Пўлатов совет режими томонидан қамоққа олинган. 10 йиллик қамоқ жазосини ўтагач, 1949 й. мартда қайта қамоққа олинган. И. В. Сталин вафотидан сўнг, у 1956 йилда озод этилган. 1957 йил 1 июлда оқланган.