Убайдулла Каримов (1920-1997)

Каримов Убайдулла Исроилович (1920.1.4 — Тошкент — 1997.11.10) — шарқшунос олим. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1995), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1980), филология фанлари доктори (1972).


Ўрта Осиё индустриал институтининг кимё-технология факултети (1941) ва Ўрта Осиё университетининг шарқ факултетини (1949) тугатган. 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1941—42). Ўрта Осиё университети шарқ факултетида форс тилидан дарс берган (1949—52). Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида кичик, сўнг катта илмий ходим (1952—58), Шарқ қўлёзмаларини тавсифлаш ва каталоглаштириш (1959—75), Шарқ ёзма ёдгорликларини ўрганиш ва нашр этиш (1976—88) бўлимлари мудири, етакчи илмий ходим (1988—90), бош илмий ходим (1990-97) бўлиб ишлаган.


Убайдулла Каримовнинг асосий илмий фаолияти Шарқ кимёси, доришунослиги, табобат тарихи каби соҳаларни ўрганишга қаратилган. У шу соҳаларга оид араб ва форс тилларидаги йирик қўлёзма манбаларини таржима ва тадқиқ этган.


Убайдулла Каримов Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондидаги Абу Бакр Муҳаммад ибн Закариё ар-Розийнинг фанга номаълум бўлган кимёга доир асари — «Китоб сирр ул-асрор» («Сирлар сири китоби») қўлёзмасини ўрганиб, бу ҳақда илмий асар ёзди.


Убайдулла Каримов Абу Али ибн Сино илмий меросининг асосий тадқиқотчиси ва таржимонидир. У Ибн Сино «Тиб қонунлари» асарининг ўзбек ва рус тилларидаги тўлиқ нашрини тайёрлаш ва таржима қилишда қатнашган. Берунийнинг «Китоб ас-сайдана фи-т-тибб» («Фармакогнозия») асарини таржима ва тадқиқ этган. Берунийнинг рус тилидаги 7 жилдли Танланган асарларини нашрга тайёрлаш (1957—87)да иштирок этган.


Убайдулла Каримов Ибн Сино ижодини ўрганишга бағишланган халқаро симпозиум (Теҳрон, 1955)да илмий маърузалар қилган. У Иордания қироллик академиясининг фахрий аъзолигига сайланган (1984). Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1971).