Қуддус Муҳаммадий ижоди 30-йиллардан бошланган бўлиб, илк асарлари «Шарқ ҳақиқати» газетаси ва «Ер юзи» журналида чоп этилган. Унинг машҳур «Сандал ва печка», «Ўз-ўзини танқид» каби достонлари 1936—1937 йилларда яратилган. Бу асарларда эскилик билан янгилик, эски урф-одатлар билан янгича урф-одатлар қиёсий тарзда ўзининг поэтик ифодасини топган. Ҳаётдаги кишилар, хусусан болалар характеридаги айрим нуқсонлар беғараз ҳажв қилинган.
Қуддус Муҳаммадий 1941—1944 йилларда машҳур бахши — Ислом шоирга котиблик қилиб, унинг терма ва достонларини ёзиб олиш билан машғул бўлди. Урушдан кейинги йилларда эса унинг биринчи шеърий тўплами «Синов» (1947) номи билан нашр этилди. Шундан сўнг «Ўқувчига эсдалик» (1947), «Шеър ва эртаклар» (1947), «Орзу» (1948), «Баҳор келди» (1950), «Дунёда энг кучли нима?» (1951), «Қирқ ўғил ва қиз» (1951), «Бизнинг дўстларимиз» (1952), «Сен туғилган кун» (1952), «Янги уй» (1953), «Меҳрибон дўстлар» (1953), «Қўнғизбой билан сичқонбой» (1955), «Тугмача» (1956), «Танланган асарлар» (1957) каби ўттиздан ортиқ китоблари босилиб чиқди. Унинг тўрт китобдан иборат «Табиат алифбоси» китоби айниқса, маълум ва машҳур бўлиб кетди. «Очил дастурхон» (1970) каби халқ оғзаки ижоди анъаналари руҳидаги асарлари ҳам шуҳрат топти ва адибга чексиз шараф келтирди. Унинг «Қанотли дўстлар» номли шеърий китоби 1970 йилда Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. У 1977 йили Ўзбекистон халқ шоири унвони билан тақдирланди.
Қ. Муҳаммадий фақат болалар шоиригина эмас, болалар адабиётининг жонкуяри ва тарғиботчиси сифатида ҳам ўнлаб мақолалар ёзди. Унинг «Болалар адабиётининг янада равнақи учун» (1961), «Болалар адабиётини ўрганайлик» (1963), «Илҳом билан» (1967) каби мақолалари шулар жумласидандир.
Қуддус Муҳаммадий моҳир таржимон сифатида ҳам машҳурдир. Унинг С. Маршак, С. Михалков, А. Барто, К. Чуковскийдан қилган таржималари ўзбек болалар адабиётининг равнақида муҳим роль ўйнади.
Болаларнинг буюк ва камтарин шоири Қуддус Муҳаммадий 1997 йил 22 июнда Тошкент шаҳрида вафот этди.