Абдулла Қаҳҳор (1907-1968)


Абдулла Қаҳҳор (1907-1968)
Ўзбек адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган Абдулла Қаҳҳор 1907 йил 17 сентябрда Қўқон шаҳрида темирчи оиласида дунёга келди. Ўрта маълумотни Қўқонда олган Абдулла 1925 йили Тошкентга келиб, «Қизил Ўзбекистон» газетасида ишлайди. У Ўрта Осиё Давлат до-рилфунунининг педагогика факультетида (1930) таҳсил олди. Ёзувчи «Совет адабиёти» журналида масъул котиб, Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир лавозимларида ишлади (1954—1956).

Абдулла Қаҳҳорнинг ижоди 1924 йилдан бошланган. Дастлаб «Муштум» журналида, «Янги Фарғона» ва «Қизил Ўзбекистон» газеталарида унинг ҳикоя, фельетон, хабарлари босилди. Ёзувчининг «Олам яшаради» номли биринчи ҳикоялар тўплами 1938 йилда чоп қилинди. 30-йилларда адибнинг «Ҳикоялар» тўпламлари (1935, 1938, 1939) китобхонлар қўлига тегди. Бу даврда Абдулла Қаҳҳор кичик ҳикоялардан ташқари, «Сароб» (1935) романини ёзди. Уруш йилларида ёзувчининг бир қанча фельетон, очерк ва ҳикоялари эълон қилинди. «Асрор бобо», «Дардақдан чиққан қаҳрамон», «Кампирлар сим қоқди», «Хотинлар» ҳикоялари ва «Олтин юлдуз» каби қиссаларида ўзбек жангчиларининг мардлиги, халқимизнинг меҳнатдаги жонбозлиги, юксак ватанпарварлиги ифодаланган.


Ёзувчининг урушдан кейинги йилларда яратган «Қўшчинор чироқлари» (1951) романи жамоалаштириш мавзуига бағишланган. У ўзининг «Шоҳи сўзана» (1951), Оғриқ тишлар» (1954), «Тобутдан товуш» (1962), «Аяжонларим» (1967) комедиялари билан ўзбек драматургияси ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Айниқса, «Шоҳи сўзана» пьесасида драматург қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш мавзуини зўр маҳорат билан ёритди. Пьеса республикамиз ва қатор хорижий мамлакатлар саҳналарида муваффақиятли намойиш қилинди.


Ёзувчининг «Синчалак» (1958), «Муҳаббат» (1968), «Ўтмишдан эртаклар» (1965) қиссалари ўзбек насрининг тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди. У «Ўтмишдан эртаклар» қиссаси учун Ойбек («Болалик»), Н. Сафаров («Кўрган-кечирганларим») каби адибларнинг автобиографик қиссалари қаторида Ҳамза номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган.


Ўзбек китобхонлари Абдулла Қаҳҳор таржимасида М. Горькийнинг «Менинг дорилфунунларим», И. В. Гоголнинг «Ревизор», Л. Н. Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» романи (I — II китоблари) ва бошқа бир қатор асарларни ўз она тилларида ўқишга муваффақ бўлганлар.


Абдулла Қаҳҳор адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони билан тақдирланди (1967). У 1968 йил 25 май куни Москвада 61 ёшида вафот этган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2000).