Ойбек (1905-1968)


Ойбек (1905-1968)
XX аср ўзбек адабиётининг ривожига салмоқли ҳисса қушган улуғ адиб, шоир, олим, жамоат арбоби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек 1905 йил 10 январда Тошкент шаҳрида бўзчи оиласида дунёга келди. Олдин ўрта мактабда, 1922—1925 йилларда эса Тошкент таълим ва тарбия техникумида таълим олди. Сўнгра Ўрта Осиё Давлат дорилфунунининг ижтимоий фанлар факультетида таҳсил кўрди. 1930 йили Ўрта Осиё Давлат дорилфунунини тугатиб, олий мактабларда сиёсий иқтисоддан дарс берди.

Ойбек адабиётга 1926 йили чоп этилган «Туйғулар» шеърий тўплами билан кириб келган. Шоирнинг «Дилбар— давр қизи» (1931), «Ўч» (1932), «Бахтигул ва Соғиндиқ» (1933), «Темирчи Жўра» (1933) достонлари ўз даврининг шеърий солномаларидир. У тарихий ва замонавий мавзуларда йигирмага яқин достонлар яратган. Ойбек шеърияти ниҳоятда гўзал бўлиб, ўзининг содда, равон ва ифодали тилда, бой ва ранг-баранг тасвирий воситаларда яратилганлиги билан алоҳида ажралиб туради.


Ойбек моҳир шоир бўлгани каби етук романнавис ҳам эди. У яратган «Қутлуғ қон», «Навоий», «Улуғ йўл», «Олтин водийдан шабадалар», «Қуёш қораймас» каби эпик полотнолар ўзбек реалистик романчилиги тараққиётида муҳим бир даврни ташкил этади.


Ўзбек халқининг 1916 йилги миллий-озодлик қўзғолони ёзувчининг «Қутлуғ қон» (1940) романида зўр маҳорат билан реалистик ифодаланган бўлса, «Навоий» (1944) романида ўзбек адабиётида биринчи бўлиб, улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий образини яратди. Унинг «Олтин водийдан шабадалар» (1949) асарида халқимизнинг урушдан сўнгги давр яратувчилик меҳнати, «Қуёш қораймас» (1958) романида иккинчи жаҳон уруши фожеалари ўз ифодасини топган. Адибнинг «Улуғ йўл» (1977) асари эса «Қутлуғ қон» романининг мантиқий давоми бўлиб, унда ёзувчи халқ миллий онгининг шаклланишини кўрсатишга интилган.


Ойбек 1949 йилда Покистонга саёҳат қилган. Адиб қардош халқ ҳаётини, фикр ва туйғуларини, кураш ва интилишларини «Покистон хотиралари» очерклари, қатор шеърлари, «Зафар ва Заҳро», «Ҳақгўйлар» достонларида, ниҳоят, «Нур қидириб» қиссасида тасвирлаган.


Адибнинг автобиографик қиссаси — «Болалик» 1963 йилда яратилган. Қиссанинг бош қаҳрамони ёш Мусо, яъни Ойбекнинг ўзидир.


Ойбек истеъдодли шоир, йирик носир бўлибгина қолмай, машҳур олим, публицист, танқидчи ва таржимон, давлат ва жамоат арбоби ҳамдир. Ўзбек китобхони Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романи, Лермонтовнинг «Маскарад», Мольернинг «Тартюф» драмалари, шунингдек, антик адабиёти намуналарини Ойбек таржимасида ўқишга муяссар бўлган.


Ойбек 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясига ҳақиқий аъзо этиб сайланган ва 1950 йилгача академияда ижтимоий фанлар бўлимининг раиси лавозимида ишлаган. У юқори малакали филологлар тайёрлашга катта ҳисса қўшган устоздир.


Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1965), Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти совриндори унвонларига сазовор бўлган.


Ёзувчи асарлари ўзбек адабиётининг жаҳонаро шуҳратини янада оширди. Устоз маҳорати ёш ёзувчилар учун ижод дорилфунунига айланди. Ойбекнинг ўлмас асарлари маънавий хазинамиздан мустаҳкам ўрин олди ва умумхалқ мулки бўлиб қолди.


Ойбек 1968 йил 1 июлда 63 ёшида вафот этган. Вафотидан сўнг унинг 20 жилдлик тўла асарлари мажмуаси нашр этилган. «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган (2001).