Обиджон Маҳмудов (1871-1936)


Обиджон Маҳмудов (1871-1936)
Туркистондаги жадидчилик ҳаракати вакили, йирик сармоядор, ношир ва жамоат арбоби ва сиёсат арбоби Обиджон Абдулхолиқ ўғли Маҳмудов Фарғона тараққийпарварларининг пешқадам вакилидир. У 1871 йили Марғилонда туғилган. Тахминан 1898 йилда Челекен ярим ороли (Каспий денгизи)га бориб, турли ишлар билан машғул бўлди. Шерикчиликка олган еридан нефть чиқиб, бойиб кетади. Санкт-Петербург университетининг тоғ-кон муҳандислиги факультетини тугатган.  У халқимиз орасидан етишиб чиққан биринчи тоғ-кон муҳандисидир.

Қўқонга қайтгач, тоғ-кон саноати билан шуғулланиб, Фарғона водийсида бир неча нефть конларини очишда иштирок этган. Шўрсувдаги олтингугурт конини сотиб олган.


Фарғона водийсидаги жадидчилик ҳаракатида қатнашган ва уларни моддий жиҳатдан таъминлаб турган. Қўқонда босмахона ташкил қилган (1914). «Садои Фарғона» (1914), «Тирик сўз» (1917) ва рус тилида чиққан «Ферганское эхо» (1914) газеталарининг муҳаррири ва ношири. Бу нашрлар нафақат Туркистонда, балки Россия мусулмонлари орасида ҳам машҳур бўлган.


Обиджон Маҳмудов жадид матбуотида долзарб мақолалари билан қатнашиб, маърифат, озодлик, ҳурлик ғояларини тарғиб этишга, халқнинг онгини, савиясини кўтаришга интилди.


О.Маҳмудов Туркистоннинг мустақил республика бўлиши тарафдори ва бунга етишиш учун фаол ҳаракат қилган жадидлардан бири эди.


У Қўқон шаҳар Думаси раиси ўринбосари (1917), Туркистон Мухторияти ҳукуматининг озиқ-овқат вазири (1917—18), Мухторият тугатилгач, Москвага бориб, РСФСР Миллатлар ишлари халқ комиссарлиги қошидаги Туркистон ваколатхонасида матбуот бўлими мудири ва бошқа лавозимларда ишлаган (1919—21). Тошкентга қайтгандан сўнг, дастлаб Туркистон МИҚ да ишлаган (1921), сўнг Фарғона водийсига бориб, «Миллий иттиҳод» ташкилотининг бўлимини тузган ва советларга қарши фаолият олиб борган.


Совет режими томонидан бир неча марта қамоққа олинган. Атоқли маърифатпарвар Обиджон Маҳмудов 1936 йилнинг 21 ноябрида оғир хасталиқдан вафот этди.