Саидаҳмадхўжа Сиддиқий – Ажзий (1864-1927)


Саидаҳмадхўжа Сиддиқий – Ажзий (1864-1927)
Миллий уйғониш даврининг йирик вакилларидан бири, шоирб таржимон Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий — Ажзий 1864 йил Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани Ҳалвойи қишлоғида ҳунарманд оиласида таваллуд топди. Ёшлигида отаси вафот этиб, бобоси қўлида вояга етди. Янгаси қўлида савод чиқарди. Кейин Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида таҳсилни давом эттирди. Шарқ классик адабиётини қунт билан ўрганади, араб, форс, озарбайжон ва кейинчалик рус тилини ўзлаштиради.

1880 йиллардан ўзи ҳам анъанавий усулдаги шеърлар машқ қила бошлади. Бироқ замонасининг буюк кишиларидан бири сифатида эътироф этилишига унинг маърифатчилик фаолияти ва ижоди сабабдир.


1901 йил ҳаж сафарига отланади. Бир қатор Шарқ мамлакатларида бўлиб, ислом дунёсидаги янгиликлар билан танишади, бир неча муддат Жиддада Русия элчихонасида тилмочлик қилади. Сўнг Москва, Петербург шаҳарларини айланиб, Тифлисга ўтади. Ниҳоят Самарқандга қайтиб, 1903 йил Ҳалвойи қишлоғида янги мактаб очади.


Шоир кейинги бутун ҳаётини ана шу муқаддас ишга сарф этди. Ўзи очган мактабда табиий фанлар, араб ҳамда рус тилларидан сабоқ берди, дарсликлар тузди. Л. Толстой ҳикояларини, Крилов масалларини, Гоголнинг «Шинель» повестини ўзбек ва тожик тилларига таржима қилган (1908—10). Дарслик ёзиб, таржималаридан намуналар киритган. «Айн ул-адаб» («Одоб чашмаси», 1916), «Ганжинаи ҳикмат» («Ҳикмат хазинаси», 1914) каби шеърий тўпламлари, «Миръоти ибрат» («Ибрат ойнаси», 1914), «Анжумани арвоҳ» («Арвоҳлар йиғини», 1912) достонлари нашр қилинди. «Миръоти ибрат»да Туркистоннинг ўша даврдаги фожиали аҳволи ва ундан қутулиш чоралари ҳақида баҳс юритган. Илм-фан, давлат, тил, қонун — буларсиз ҳеч бир миллатнинг истиқболи йўқ, бу тўрт нарсани қўлга киритмаган миллат ҳалокатга маҳкумдир, дейди. «Анжумани арвоҳ»да эса хонликдаги турғунлик танқид қилинган. Шеърлари чуқур фалсафий мазмуни, ижтимоий-сиёсий мушоҳадалари, Фузулий ва Бедилона услуби билан ажралиб туради. У миллий уйғониш даврининг барча шоирлари сингари кенг оммани маърифатга бошлаш, ҳақ-ҳуқуқини англатишни адабиётнинг бош мавзуи деб билди.


Сиддиқий вақтли матбуот нашрларида ҳам фаол иштирок этди.


Ватан, илм-маърифатга бағишланган мақолалари билан Қозон, Оренбург ва Кавказдаги нашрларда ҳам қатнашди.


Сиддиқий 1917 йил февраль инқилобидан кейин ижтимоий ҳаракатда бевосита иштирок этди. 1918—21 йилда Вилоят Адлия комиссари лавозимида ишлади. 1922 йилдан яна ўқитувчиликка қайтган. Самарқандда ўзбек ва тожик тилларидаги «Машраб», «Мулла Мушфиқий» каби ҳажвий журналларни, «Зарафшон» газетасини чиқаришда фаол иштирок этган. «Майна», «Гинагина», «Шашпар», «Тир», «Гумном», «Олмос» имзолари билан ҳажвий асарлар ёзган. Уларда шўро тузумида юз бераётган ўзгаришларни хушламаслик, келажакдан хавотирланиш кайфиятлари сезилади. 1903 йилда Ҳалвойи қишлоғида шоирнинг ўзи қурдирган мактаб ҳали ҳам бор, ҳозир унинг номида. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи (1926).


Сиддиқий 1926 йили қаттиқ касалланиб, 1927 йилнинг июл ойида Самарқандда вафот этади.