Саидносир Миржалилов (1884-1937)


Саидносир Миржалилов (1884-1937)
Атоқли маърифатпарвар, Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатининг таниқли намояндаларидан бири Саидносир Миржалилов 1884 йили Туркистон шаҳрида таваллуд топган. Ёшлигидан ўта зийрак, тадбиркор ва меҳнаткаш бўлган Саидносир тужжорлик фаолиятини кичик бир газлама дўконини очишдан бошлаган. Кўп ўтмай у Туркистонда биринчи жадид мактабини ташкил этган. 1914 йилда пахта заводини қуриб, Туркистоннинг таниқли бойлари ва савдогарларидан бири сифатида шуҳрат қозонган.

С.Миржалилов 1917 йил сиёсий фаолиятга ўтади. Феврал инқилобидан сўнг у Тошкентда ташкил этилган «Шўройи исломия» ташкилотининг фаол аъзоларидан бирига айланди. Туркистон мустақилликка эришишини орзу қилган Саидносир Миржалилов тижоратчи сифатида топган сармоясининг катта қисмини миллий иттиҳод ва истиқлол учун олиб борилган курашга бағишлади.


Туркистон Мухторияти ҳукуматининг барпо этилишида фаол иштирок этди ва ҳукумат аъзоси этиб сайланди. Мухторият қонга ботирилиб, унинг раҳбарлари таъқиб остига олингач, С. Миржалилов хорижга кетишга мажбур бўлди ва дастлаб Самарага бориб, Туркистонда рўй бераётган хунрезликларга чек қўйиш йўлларини ахтарди, сўнг Туркия ва Тифлисда бир муддат яшади.


Болшевиклар эълон қилган умумий афвга ишониб, у 1921-йили ватанига қайтди. У «Туркистон» савдо-саноат ширкатини ташкил қилиб, ундан тушган фойда эвазига «Кўмак» жамияти орқали истеъдодли ёшларни Германия ва бошқа мамлакатларга ўқишга юбориш, «Нашри маориф» жамияти фаолиятини авж олдириш ишига ўз улушини қўшди. Лекин болшевиклар кузатувидан озод бўлмаган С.Миржалилов 1925 йил 12 декабр куни ҳибсга олиниб, Соловецк оролларига қамоққа юборилди. У уч йиллик қамоқ муддатини ўтаганидан кейин 1932 йили яна беш йил муддатга қамалади, ниҳоят 1937 йил 21 июль куни такрор ҳибсга олиниб, ўша йилнинг 25 октябрида отиб ташланди.


Саидносир Миржалилов қабрининг қаердалиги номаълум.


У 3арифа Саидносированинг отасидир.