Талабалик йилларидаёқ давр муаммоларини ечишни ўйлади, рус ёзувчиси Л. Н. Толстой билан ёзишмалар қилди (1909). Ўқишни тугатгач, дастлаб Саратов, 1913 йилда Тошкент округ судида хусусий адвокат бўлиб ишлади. Чор ҳукумати маъмурларининг порахўрлиги ва золимлигини фош этиб, айримларини давлат ишидан четлатишга эришди. Жадидчилик ҳаракатига қўшилиб, тез орада унинг йирик вакилларидан бирига айланди.
«Умид» деб аталувчи илғор мусулмон гуруҳига етакчилик қилди (1913). «Турон» жамиятининг асосчиларидан бири (1913). У мустақил фирқа ташкил қилиш ниятида Тошкентда «Садои Туркистон» газетасини ташкил этиб (1914.4.4), унга муҳаррирлик қилди. Газета ишига ўша давр маърифат дарғалари — Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Музаффаров сингариларни жалб этди. У газетада турли мавзуларда долзарб мақолалар билан чиқиб, чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатини фош қилди. Туркистонга тарқалиб, умуммиллий матбуот нашрига айланаётган «Садои Туркистон» 1915 йил апрелда ёпиб қўйилган бўлсада, у ўлка зиёлиларининг «Тараққийпарварлар» фирқасига замин тайёрлади. У. Хўжаев Тошкентда тузилиб, мардикорликка олиш иши билан шуғулланган «Туркистон мардикорликка олиш қўмитаси»нинг раиси (1916). Қўмита чор амалдорларининг ўзбошимчаликларини очиб ташлади. Мардикорликка жўнатиш ҳақидаги оқ подшо фармони (1916 й. 25 июнь)ни бекор қилдириш учун У. Хўжаев маҳаллий миллатпарвар бой Миркомил Мирмўминбоев билан бирга Петербургга борди.
Давлат думасининг 1916 йил декабрдаги мажлисида фармон Россия империясининг қонунчилигида кўрсатилган ҳолларга зид равишда қабул қилингани исботлаб берилди.
1917 йил феврал инқилобидан кейин у Туркистондаги мустақиллик ва тараққиёт учун миллий ҳаракатнинг фаол раҳномаларидан бирига айланади. Тошкент «Шўройи исломия» ташкилотига раис, Бутунроссия мусулмон шўросига эса аъзо этиб сайланади. У 1917 йилда бўлиб ўтган барча Туркистон ва Бутунроссия мусулмонлари сьездларида иштирок этади. Қўқонда бўлиб ўтган IV фавқулодда ўлка мусулмонларининг сьезди уни Туркистон Мухториятининг Ҳарбий нозири этиб сайлайди. Туркистон Мухторияти тормор этилгач, Убайдулла Хўжаев Оренбургга боради ва Бошқирдистон Мухторияти ҳукуматини тузишда фаол иштирок этади.
1920—1937 йилларда совет ҳокимиятига зид бўлган сиёсий қарашлари учун уни бир неча бор тазйиқ остига оладилар. 1937 йилда барча тараққийпарвар ўзбек зиёлилари қатори Истиқлолчилик ҳаракатига хайрихоҳлик билан қарагани, мустамлакачиликка қарши курашгани учун «миллатчилик»да айбланиб қатағонга учрайди ва отиб ташланади.
У. Хўжаев қабрининг қаердалиги номаълум.