Саидризо Ализода (1887-1945)


Саидризо Ализода (1887-1945)
Саидризо Ализода 1887 йил 15 февралда Самарқандда таваллуд топган. Отаси ҳожи мир Махсум эронлик бўлиб, 1882 йилда Хуросондан Бухорога, сўнгроқ Самарқандга кўчиб келган. Саидризо Ализода олти йил Самарқандда мадраса таҳсилини олган, бир муддат отасига гилам сотишда ёрдамлашиб турган, бир рус зобити билан танишиб қолиб, унинг маслаҳати, кўмаги билан Демуров босмахонасига ҳарф терувчи бўлиб ишга кирган, худди шу касб уни матбуотга ошно қилган, унга бир умр содиқ қолган.

Саидризо Ализода ўзбек, тожик, рус тилларида матбуотга хат, мақолалар ёзиб туради, «Самарқанд» газетаси, «Ойина» журналида Беҳбудийнинг яқин ҳамкори бўлади,  «Телеграф хабарлари» номли варақани ўзбек тилида ўз ҳисобидан чиқаради (1914), «Шарқ» газетасига муҳаррирлик, «Ҳуррият» газетасида таржимон ва мухбирлик (1917), 1922 йилдан «Зарафшон» газетасида бўлимга мудирлик қилади, «Овози тожик» газетаси асосчиларидан бири бўлади, унга масъул котиблик қилади. 1919 йили ўша давр руҳига мос «Шарқ машъали» номида ҳафталик журнал ташкил этади ва уни бошқаради. Форси ва тожик тилларида нашр этилган, адади 4 минг нусхага яқин бўлган ушбу мажалла Ўрта Осиё, Кавказортидан ташқари, Афғонистон, Эрон, Туркия, Ҳиндистон, бир қанча араб мамлакатларига тарқалган эди.


С.Ализода «Туркис­тон хабарлари», «Камбағаллар ўқи», «Ҳуррият», «Меҳнаткашлар товуши», «Бухорои шариф», «Турон», «Самарқанд овози», газеталари, «Машраб»,»Мулла Мушфиқий» журналларида тез-тез чиқиб турган. Танқидий мақолалари, фелетонлари Баҳлул, Замбур, Ранжбар, Боғишамолий, Шапалоқ, С.А. каби тахаллуслар (жами 20 тача) остида босилган.


Самарқандда камбағал деҳқон фарзандлари учун мактаб очиб, муаллимлик қилади, «Сарфи араб», «Туркий алифбо», «Тарих», «Жуғрофия», «Риёзиёт», «Хандаса», «Табиат», «Дин вожиблари», «Низомнома», «Бадан тарбияси», «Илми фазо» номли ўн битта дарслик тузади; ўзбек мактаблари учун  «Биринчи йил» номли алифбо ёзиб, бепул тарқатади, тожик тилида «Сарф ва наҳв» (1924), ўзбек тилида «Ҳосилот» (1926) китобларини ёзиб чоп эттиради, Самарқандда яшайдиган руслар учун кечки курслар очиб, ўзбек ва форс-тожик тиллари ўқитади,  мутафаккир Абдулла Шоиқ билан янги озарбайжон алифбосини тузади, 2 жилдлик русча-тожикча луғат тузиб (1933-1934) нашр эттиради, 1933-1937 йилларда СамДУда араб ва форс тилларидан ўқитувчилик қилади, Ҳамид Олимжон, Ўткир Рашид каби шоирларга дарс беради, журналист Шароф Рашидов, файласуф Иброҳим Мўминовлар билан мулоқотда бўлади. Лоҳурдан меҳмон бўлиб келган Мирмуҳаммад Гармони Афғон деган ноширни бир неча кун меҳмон қилиб, унга «Маросилот», «Туркистон тарихи», «Русия тарихи»,»Умумий европа тарихи», «Ислом тарихи», «Ислом ақидалари», «Фазо илми» китобларини, «Саодат асри» номли романи ва таржима  асарларини ишониб топширади.


Болшевиклар ҳукуматининг сўзи билан иши бир жойдан чиқмаётганини кўриб, билиб, хавфсираб юрган мутафаккир асарлари бу ерда чиқмаслигига, йўқотиб юборилиши эҳтимолига кўзи етгани (қамалганидан ке­йин шундай бўлди ҳам) учун шундай қилган бўлса керак деб ўйлагинг келади. Афғон ноширига берилган китоблар тақдири узоқ вақт номаълум бўлиб келди, фақат кейинчалик улар 1923-1933 йилларда Лоҳурда чоп этилгани маълум бўлди.


С. Ализода «Капитан қизи», «Борис Годунов», «Дубровский», «Евгений Онегин», «Тирилиш», «Ревизор», «Очилган қўриқ», «Цемент», «Пўлат қандай тобланди» асарларини русчадан ўзбек, форс, тожик тилларига ўгиради,  французчадан Мольер, Мопассан, инглизчадан Эптон асарлари таржимасига қўл уради. (Қуръони каримнинг айрим оятларини фаранги тилга ўгиргани ҳақида ҳам маълумотлар бор). Ибн Сино, Фирдавсий, Низомий, Фузулий, Навоий асарларидан рус тилига таржималари ҳам таҳсинга лойиқ иш эди.


Саидризо Ализода 1937 йил декабрида сиёсий чақув натижасида ҳибсга олинади, 8 йил Самарқанд-Тошкент-Тоболск-Владимир турмаларида ўтириб, 1945 йил 24 декабрида сил касалдан вафот этади.