Бухоро билим юртида ўқиган (1925—27). Самарқанд Педакадемиясининг ижтимоий-иктисодий факултетини тугатган (1931), шу ерда ўқитувчи бўлиб ишлади. Педакадемия Ўзбекистон университетига айлантирилгач, филология, кейинчалик тарих факултети декани, кафедра мудири (1933—55). 1955— 56 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология институти директори. 1956 йилдан академиянинг вице-президенти. Айни вақтда Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институти директори (1958—59), Ўзбекистон «Билим» жамияти бошкаруви раиси (1958 йилдан), Ўзбек совет энциклопедиясининг биринчи бош муҳаррири (1968 йилдан) бўлиб ишлаган.
Иброҳим Мўминовнинг илмий фаолиятига шўролар мустабид тузуми ўз таъсирини кўрсатган бўлсада, бироқ, унинг тадқиқотлари марказида Шарқ, хусусан, Марказий Осиё халқларининг ижтимоий-фалсафий ҳамда илмий-табиий фикрлари муаммолари турганлиги натижасида, аллома фалсафанинг ўта сиёсийлашувини, уни ҳукмрон мафкура хизматига тамомила бўйсундириш хуружларини четлаб ўтиш имкониятига эга бўлди. У Навоийдан тортиб, Аҳмад Донишгача бўлган йирик мутафаккирлар ижодини таҳлил қилди. Айниқса, Бедил ижодини чукур ўрганиб, унинг меросини тушунишни анча енгиллаштирди. Иброҳим Мўминовнинг «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» асари (1968), умуман Амир Темур шахсини илмий ўрганиш ташаббуси билан чиқиши олимнинг илмий жасорат ва юксак ватанпарварлик фазилатининг ёрқин ифодаси бўлди. Иброҳим Мўминов Ғарб фалсафасини, рус мутафаккирлари ижодини ҳам ўрганди. Гегель диалектикасининг рационал мағзини кўрсатиб берди.
Иброҳим Мўминов Ўзбекистонда илм-фаннинг йирик ташкилотчиси. У, айниқса, ижтимоий фанларни ривожлантиришга — янги тадқиқот муассасаларини ташкил этиш, илмий кадрлар тайёрлашга катта ҳисса қўшди, унинг раҳбарлигида турли фан соҳалари бўйича йирик асарлар нашр этилди.
Иброҳим Мўминов Ўзбекистонда фалсафа мактабига асос солди.
Беруний номидаги Узбекистон Давлат мукофоти лауреати (1967).
Тошкентдаги кўчалардан бирига, Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институтига, Бухоро ва Шофиркон шаҳриларидаги кўчалар, мактаблар, Шофиркон туманидаги ширкат хўжалигига Иброҳим Мўминов номи берилган.
Иброҳим Мўминов вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2003).