Дастлабки шеърий тўплами — «Менинг Ватаним» (1950). «Бахтли болалар» (1951), «Ободлик» (1953), «Дўстлик» (1954). «Уч ўртоқнинг совгаси» (1957), «Невара меҳри», «Чирчиқ фарзанди» (1961), «Алишер ва китоб» (1962), «Илоншоҳ ва унинг амалдори ари ҳақида эртак» (1963), «Соатжоннинг соати» (1964), «Тошбақалар ҳужуми» (1965), «Шамол ботир» (1966), «Дайди бола», «Ўғлим билан суҳбат» (1970), «Олмос менинг юрагим» (1983), «Менинг юрагим» (1986) ва бошқа тўпламларга кирган шеър, эртак ва достонлари Она-ватан мадҳи, табиат ва фасллар тасвири, болалар ҳаёти ҳамда таълим-тарбия муаммоларига бағишланган.
Қудрат Ҳикматнинг ватан мадҳидаги «Менинг Ватаним», табиат ва фасллар тасвиридаги «Бу қайси фасл?», «Тоғ манзараси», «Эрталаб», Янги йил таърифидаги «Яша, Янги йил», «Биз эккан арча», халқ оғзаки ижодидаги ўйин қўшиқлари асосида яратган «Оқ теракми, кўк терак?», «Чиллак ўйини» сингари шеърлари ифодасининг соддалиги, сербўёқ ва ёрқин манзаралар яратилганлиги билан ажралиб туради. Қудрат Ҳикмат туғма болалар шоири сифатида ўзбек болалар шеъриятига янги бадиий товланишларни олиб кирган, унинг вазн, банд, қофия тизимини болалар руҳиятидан келиб чиққан ҳолда ислоҳ этган.
В.Маяковский, С.Маршак, С.Михалков, А.Сурков, М.Бажан, А.Барто ва бошқаларнинг болаларга аталган шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.