Олим Қўчқорбеков (1932-2015)


Олим Қўчқорбеков (1932-2015)
Олим Қўчқорбеков 1932 йилнинг 12 августида Занги ота туманининг Қатортол қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келган. Тошкент давлат университетини тамомлаган (1957). Қарийб қирқ йил давомида «Муштум» журналида адабий ходим, бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.

Унинг биринчи шеъри 1948 йилда ёзилиб, «Ленин учқуни»— болалар газетасида босилди. Шундан сўнг унинг «Чоричамбар» (1963), «Сирли хум» (1969), «Қайсар бузоқча» (1974) каби бир қатор китоблари нашр этилди. Бу китоблари орасида катталар учун битилгани кўпчиликни ташкил этади. Адибнинг бу борадаги илк тўплами «Шеър ва масаллар» номи билан 1957 йилда нашр этилди. Сўнгра кетма-кет «Куйларим ва ўйларим» (1960), «Умрим боғида» (1970), «Кўнгил мезони» (1972), «Ваъзхон ва Зағизғон» (1974), «Нозик кўнгил» (1983) каби шеърий тўпламлари юзага келди. Шу даврда унинг «Биринчи сорт бўйдоқ» (1969), «Саломига яраша» (1982) каби «Муштум кутубхонаси» туркумидаги насрий асарлари босилди. Унинг «Лўли бола» номли илк қиссаси эса 1978 йилда босмадан чиқди.


1980 йилга келиб адибнинг Бухоро амири Олимхоннинг сўнгги канизи тарихи, ахлоқи ҳақидаги «Сўнгги каниз» романи «Шарқ юлдузи» журналида «Инқироз» номи билан эълон қилинди. Ҳозирги кунда эса унинг «Амирликдан маҳбусликка» романи ҳам бор.


Олим Қўчқорбековнинг бир қатор ҳажвий асарлари машҳур сатирик кино журнал «Наштар» саҳифаларидан ҳам мустаҳкам ўрин олган. Айниқса, улар орасида «Лента таққан қўйлар», «Суюнчи», «Туморли машиналар» ҳамон экран тасмалари орқали намойиш этиб келинмоқда.


Унга 1973 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони берилди.