«Гулистон», «Сирдарё ҳақиқати» газеталарида ходим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлимида масъул котиб (1972—77), адабий маслаҳатчи (1977—81) бўлиб ишлаган.
Ижоди 50-йиллардан бошланган. Илк шеърлар тўплами — «Истар кўнгил» (1962). «Қорасоч» (1965) достони таниқли ижодкорлар, танқидчилар томонидан яхши кутиб олинган. «Мен қайга борар бўлсам» (1965), «Жаҳонгашта» (1970), «Ҳамқишлоқларим» (1973), «Интизор» (1973), «Сирдарё қўшиқлари» (1974), «Илтижо» (1976), «Алҳазар» (1976), «Тўйбоши» (1977), «Сизни эслайман» (1980), «Қоракўзгинам» (1981), «Гулшан» (1988), «Сарвиноз» (1990), «Харсанг» (1994), «Жаҳоннома» (1996), «Гул бир ён, чаман бир ён» (1996), «Ёвқочди» (1998), «Сайҳон» (2003), «Мамлакатнинг таянч нуқтаси» (2004) китоблари нашр этилган. Кўплаб шеърлари қўшиқ қилинган.
Тўра Сулаймон хилма-хил жанрларда қалам тебратади. Шоирнинг соф лирик шеърлари, қасида ва фахриялари, манзумаларидан ташқари, халқ йўлида битилган, ўз даврининг долзарб масалаларига бағишланган, воқеликни қадимги бахшилар назари билан кўриб, ўхшатма ёки назира шаклида ёзилган асарлари ҳам ўзига хос халқчиллиги билан ажралиб туради. Айниқса, «Эргаш Жуманбулбул эл кезади» туркумидаги бахшиёна шеър ва достонлари ўзбекнинг миллий ғурурини тиклашга муносиб ҳисса қўшган асарлар сирасига киради.
Тўра Сулаймон асарлари фақат ифода тарзи ёки оҳанги билангина эмас, тасвирдаги самимият, ўхшатишларнинг ўзига хослиги нуқтаи назаридан ҳам халқчил. Унинг ижтимоий ҳаётнинг долзарб муаммоларига бағишланган публицистик мақолалари ҳам бор («Мамлакатнинг таянч нуқтаси», мақолалар тўплами, 2004).