Латиф Маҳмудов (1935)


Латиф Маҳмудов (1935)
Латиф Маҳмудов 1935 йилнинг 1 июл куни Тошкент шаҳар Миробод маҳалласида таваллуд топган. 1956 йили собиқ Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Миллий университет) филология факултетининг журналистика бўлимини 1956 йилда муваффақиятли битиргач, Республика радиосида меҳнат фаолиятини бошлайди. 1958 йили болалар ва ўсмирлар учун эшиттиришлар Бош таҳририяти ташкил этилади ва унга Бош муҳаррир этиб тайинланади. Латиф Маҳмудов бу вазифада қарийб йигирма йил фаолият кўрсатиб, 1979 йилдан собиқ «Ёш гвардия» (ҳозирги «Янги аср авлоди») нашриётида болалар адабиёти бўлимини бошқаради.

Латиф Маҳмудовнинг ижодий фаолияти 1956 йиллардан бошланган бўлиб, у асосан, болалар ва ўсмирлар учун ҳикоя, қисса, песа ҳамда киностсенарийлар яратди.


Шу кунгача адибнинг ўттиздан ортиқ китоблари нашр этилган.


Булар орасида «Қадрдон кўзлар» (1961), «Чинор» (1961) каби китоблари илк ижод намуналари сифатида қадрлидир. Шундан сўнг муаллифнинг «Икки ўртоқ» (1963), «Вафо» (1963), «Чинор» (1964), «Қирғий» (1965), «Шўх дарёнинг сири» (1966), «Болалар шодлиги» (1968), «Икки дангаса саргузашти» (1970), «Сирли хат» (1974), «Жасур болалар» (1971), «Қонга яширинган одам» (1979), «Эски дутор сирлари» (1980) каби ҳикоялар тўпламлари, қисса ва романлари талабчан болалар ҳамда ўсмирларнинг диди, руҳига мос келади. Латиф Маҳмудов драматург сифатида «Қирғий олиб қочган бола», «Али-Вали», «Муҳим топшириқ», «Сирли хат» каби бир қатор песалар яратган. Улар Ёш томошабинлар театрлари саҳналарида ҳамон ўйналиб келинади. Айни чоғда унинг болалар ва ўсмирлар ҳаётидан олиб ёзилган асарлари асосида бир қатор кинофилмлар яратилган.


Латиф Маҳмудов яратган сара асарлар рус, украин, белорус, латиш, эстон, грузин, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик тилларига ҳам таржима бўлган.


Адибнинг «Тоғдаги лолалар» китоби 1984 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ғафур Ғулом номидаги мукофотига сазовор бўлган. 1977 йилда унга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» деган юксак унвон берилган. 2000 йилда «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирланган.