Шарофат Ботирова адабий анжуманлар ва мушоираларда француз ва ўзбек тилларида бағоят латофат билан ўқиган шеърлари барчани ҳайратга солар эди.
Шарофат Ботирова 1998 йилдан буён ҳаётининг сўнгигача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлимини бошқарди. У Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинар-кенгаши ташкилотчиларидан бири сифатида турли вилоятларда яшаб, ижод қилаётган кўплаб ёшларга адабиёт ва шеърият сабоқларини ўргатди.
Шарофат Ботирова меҳрибон узтоз, моҳир таржимонгина эмас, истеъдодли шоира ҳам эди. Унинг “Оловранг уфқ”, “Бедорлик”, “Қадр”, “Насибам” номли китоблари чоп этилди.
Шарофат Ботирова мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб келди. У Республика Марказий сайлов комиссияси аъзоси сифатида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини халққа етказишда самарали фаолият кўрсатди.
Шарофат Ботированинг адабиётимиз ва халқимизга фидойи хизматлари муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони ва “Эл-юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлди.