Шавкат Раҳмон (1950-1996)


Шавкат Раҳмон (1950-1996)
Шавкат Раҳмон (асл исм-шарифи Раҳмонов Шавкат) 1950 йилнинг 12 сентябрида Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Помир маҳалласида хизматчи оиласида туғилган. 1966 йилда ўрта мактабни тугатгач, қурилишларда, вилоят босмахонаси ва газетасида ишлайди. 1973 йилда Москвадаги М. Горький номидаги Адабиёт институтини битиргач, Тошкентга келиб, Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир ва бўлим бошлиғи (1975-82; 1985-90), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул ходим бўлиб ишлайди (1982-84).

Шоирнинг дастлабки шеърлари Ўш вилоят газеталарида чиқа бошлайди. Биринчи шеърий тўплами «Рангин лаҳзалар» (1978) номи билан босилади. Шундан кейин шоирнинг «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1983), «Гуллаётган тош» (1984), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1988) каби бир қатор шеърий тўпламлари босилиб чиқади. Шоирнинг ўз қўли билан тайёрлаган «Сайланма» тўплами вафотидан сўнг 1997 йили нашр этилган.


Шавкат Раҳмон сўзнинг бадиий имкониятларини кенгайтириш, фикр ва туйғунинг ботиний ҳаракатини ифодалаш усул ва воситаларини топиш мақсадида кутилмаган мажозий образлардан, қиёслардан самарали фойдаланган, бармоқ вазнининг анъанавий ўлчовларини бузиб, ритм ва оҳангга эркин муносабатда бўлган, шеърият билан тасвирий санъат, шеърият билан фалсафа ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлаган. Унинг асарларида тарихга, кечмишга саёҳат, ҳозирги кунларга танқидий баҳо етакчилик қилади. Шавкат Раҳмон шеърияти 80-йилларда ўзбек адабиётида кучли оқимни ташкил этган лирик-фалсафий, исёнкорлик руҳидаги асарлар сирасига киради.


Шавкат Раҳмон ўзбек шеъриятини 20-аср испан шоирларининг бадиий тажрибаси билан бойитган. Ф. Г. Лорка («Сайланма», 1979), Х. Р. Хименас, Р. Альберти шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.


У узоқ давом этган оғир хасталик туфайли 1996 йил 2 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.