Хуршид Даврон (1952)


Хуршид Даврон (1952)
Истеъдодли шоир ва публицист Хуршид Даврон 1952 йил 20 январ куни Самарқанд вилояти, Самарқанд туманидаги Чордара қишлоғида туғилган.

Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1969). Турли нашриёт ва ижодий ташкилотларда ишлаган (1974— 94). Маънавият ва маърифат марказида раҳбар ўринбосари (1994—96), 1996 йилдан Ўзбекистон телевидениеси «Ёшлар» телеканалининг бош директори бўлиб ишлаган.


Унинг илк шеърлари 1976—1977 йиллардан бошлаб «Шарқ тонги» туман газетаси, «Ленин йўли» вилоят газетасида босилган. Катта адабиётга кириб келиши 1976 йили «Гулистон» журналида устоз шоир Эркин Воҳидовнинг оқ йўли билан бошланган.


Дастлабки шеърлар тўплами — «Қадрдон қуёш» (1979). «Шаҳардаги олма дарахти» (1979), «Тунги боғлар» (1981), «Учиб бораман қушлар билан» (1983), «Тўмариснинг кўзлари» (1984), «Болаликнинг овози» (1986), «Қақнус» (1987), «Полёт одинокой птицы» (1989), «Самарқанд хаёли» (1991), «Баҳордан бир кун олдин» (1997) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.


Шеърларида воқеликка янгича нигоҳ билан қаровчи, табиат, жамият ва кишилар ҳаётида юз бераётган ўзгаришларни синчковлик билан кузатувчи, айни пайтда бокира ёшликка хос ҳайрат хиссини сақлаб қолган зукко шоир сифатида гавдаланади. Хуршид Даврон сўзга, ифода воситалари ва шеърий шаклларга юксак мезонлар асосида ёндашади.


Хуршид Даврон 90-йилларда шеъриятдан кўра насрий жанрларда самарали ижод қилди. У олис ўтмишда яшаган унутилмас тарихий сиймолар ҳаёти ва фаолияти билан қизиқиб, улар ҳақидаги мўътабар қўлёзма манбалар билан танишди ва Бибихоним ҳақида «Самарканд хаёли» (1991), Улуғбек ҳақида «Соҳибқирон набираси» (1995), Шайх Кубро ҳақида «Шаҳидлар шоҳи» (1998) каби тарихий-маърифий киссаларни яратди. Хуршид Даврон бу асарлари билан 90-йилларда Ўзбекистонда тарихий ўтмишга бўлган муносабатнинг яна ҳам қизғин тус олишига муносиб ҳисса қўшди.


Хуршид Даврон бундай тарихий сиймолар ҳаётини пухта ўрганиб, улар ҳақида саҳна асарлари ҳам ёзди («Мирзо Улуғбек» — «Алғул», 1995; «Бобуршоҳ», 1996). Хуршид Даврон тарихий мавзудаги бу асарлари билан ҳозирги ўзбек драматургиясига ўтмишда яшаган ажойиб ватандошларимизнинг ёрқин образларини олиб кирди.


Хуршид Даврон айни пайтда Самарқандда Амир Темурнинг 660, Улуғбекнинг 600 йиллигига, Парижда «Одеон» театрида Бухоро ва Хиванинг 2500 йиллигига бағишлаб ўтказилган театрлаштирилган томошалар ва 21 қисмдан иборат «Темурнома» видеофильми ва «Бухоройи шариф» (2 қисмли) телефильми сценарийлари муаллифи.


Шарқ ва Ғарб шоирларининг асарларидан иборат «Қирқ бир ишқ дафтари» (1989) ва япон шоирларининг шеърларидан таркиб топган «Денгиз япроқлари» (1988) тўпламларини ўзбек тилига таржима қилган.


Хуршид Даврон 2-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати. Ўзбекистон халқ шоири (1999), «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997).