Мискин (1880-1937)


Мискин (1880-1937)
Мискин (тахаллуси; асл исм-шарифи Ғуломхалил Тошмуҳаммад ўғли), (1880 —Тошкент — 1937) — шоир. Отаси темирчилик, михчагарлик билан шуғулланган. Баландмачитдаги мактабда, сўнг «Кўкалдош» мадрасасида ўқиган. Дастлабки шеърлари муҳаббат мавзуида. Кўп ўтмай, шеъриятига замон садолари кириб келган. Халқимизнинг миллий-ижтимоий уйғонишида катта хизмат қилган «Шуҳрат» газетасини шеър билан қувватлаб чиққан.

Мискин шеърларида халқ оммасини асрий жаҳолатдан уйғонишига чақирган. Халққа эрк ва озодлик руҳини сингдириш, уларни ҳақ-хуқуқ учун курашга уйғотишда ўз ҳиссасини қўшган. Мискиннинг автобиографик шеърлари шоир ҳаётининг оғир ва мураккаб кечганини кўрсатади.


Мискин шеърларидан 2 девон тузган. 200 саҳифадан кўпроқ 1-девондан 1925 йилгача ёзилган ва чоп этилган шеърлари жой олган. Сўнгги шеърлари эса 2-девонда жамланган бўлиб, 160—170 саҳифани ташкил қилган. Бироқ уларнинг тақдири номаълум. 70 га яқин шеърларигина сақланган. Ушбу шеърлар шоирнинг ўз қаламига, ўз овозига эга бўлган, адабиётимиз тарихида сезиларли из қолдирган истеъдод соҳиби эканлигини кўрсатади. Шеърлари шу пайтга қадар тўпланган, ўрганилган эмас.


Тошкентда Мискин номида кўча ва маҳалла бор.