1954—1958 йилларда «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасида адабий ходим, бўлим мудири бўлиб ишлаган.
1958 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти аспирантурасига ўқишга кириб, 1961 йилда уни муваффақиятли тугаллаган ва 56 йил давомида ушбу даргоҳда ўзбек адабиёти кафедраси ўқитувчиси, доценти, профессори лавозимларида самарали фаолият кўрсатган. 1981 йилда филология фанлари номзоди илмий даражасига эришган.
Олим ўз фаолияти давомида «Инсон ва меҳнат мадҳи», «Сўнмас юлдузлар», «Асрга тенгдош мактаб», «Леся Украинка», «Чиниқиш мактаби» сингари кўплаб илмий-оммабоп асарлар яратган. Айниқса, мустақиллик йилларида дунё юзини кўрган, атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов хотирасига бағишланган «Акам ҳақида» рисоласи, «Эзгуликка бахшида умр», «Чингиз Айтматовнинг бадиий олами» сингари асарлари минглаб китобхонларнинг самимий эътироф ва эҳтиромига сазовор бўлган.
Асил Рашидов бадиий таржима соҳасида ўзига хос ижодий мактаб яратган. У машҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг «Юзма-юз», «Жамила», «Бўтакўз», «Сарвқомат дилбарим», «Алвидо, Гулсари!», «Сомон йўли», «Оқ кема», «Эрта келган турналар», «Соҳил бўйлаб чопаётган олапар», «Асрни қаритган кун» сингари бетакрор асарларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгириб, ўзбек халқининг бадиий тафаккурини юксалтиришга улкан ҳисса қўшган. Шунингдек, таниқли рус адиби Александр Бекнинг «Волоколамск йўлида» романи, қирғиз адиби Мирзабек Дуйсеновнинг «Имтиҳон» қиссаси ҳам Асил Рашидов таржимасида ўзбек китобхонларига тақдим этилган.
Асил Рашидовнинг олий таълим тизими ва ўзбек адабиётини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланди. У «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи» фахрий унвонлари, Ўзбекистон Давлат мукофоти ҳамда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
У 2020 йил 15 сентябрь куни 90 ёшида вафот этди.