Поён Равшанов (1941-2020)


Поён Равшанов (1941-2020)
Таниқли адабиётшунос, адиб Поён Равшанов 1941 йилда Қамаши туманида туғилган. 1963 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Шуҳрат” (1996) медали билан тақдирланган. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси (2003).

Самарқанд вилояти газетасида адабий ходим, Қарши Давлат педагогика институти ўзбек адабиёти кафедраси ўқитувчиси, Ўзбек адабиёти кафедраси мудири, факультет декани ва университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори лавозимида ишлаган.


Унинг “Умид уммони” (“Шарқ” 2004), “Карвон қўнғироғи” (“Янги аср”, 2004), “Яхшиликнома” (“Шарқ” 2007), “Шукуҳли умр” (“Шарқ” 2008), “Шаҳрисабз тарихи” («Янги аср авлоди», 2011), “Ёниқ туйғулар” («Янги аср авлоди», 2013), “Биродарим” (“Янги аср авлоди», 2013), “Қамоқхона салтанати” (“Янги аср” 2015), “Садоқат манзили” (“Янги аср”, 2015) каби олтмишдан ортиқ асари чоп этилган.


Поён Равшанов чорак асрдан ортиқ вақт давомида Насаф ва Кеш (Шаҳрисабз) узоқ ўтмишида шаклланган адабий ҳаёт тарихини тадқиқ этган адабиётшунос олимдир. Поён Равшанов Қашқадарё тарихига, маданияти, илм-фани ва адабий муҳитига доир бир қатор мақолалар, рисолалар муаллифидир. Унинг қаламига мансуб «Адабий саҳифалар» (1985), «Тарих бадиияти» (1989), «Адабиёт ва таълим» (1991), «Қашқадарё тарихи (энг қадимги даврлардан 19-аср 2-ярмига қадар)» (1995) каби китобларида Қашқадарё воҳасининг тарихи ва маданий ҳаёти ўтмиши ёритилган.


Поён Равшанов Қашқадарё вилояти архивларида ишлаб Қашқадарёдан Собиқ Совет даврида ноҳақ қамоққа олинган инсонларнинг ўтмишини ўрганиб 3 томлик «Қатағон» «Истибдод» «Тажовуз» номли китоблар нашр қилдирди. Унинг воҳа тарихига бағишланган «Қашқадарё тарихига саёҳат», «Қашқадарё томонларда», «Шаҳрисабз тарихи», «Қарши тарихи», «Амир Темур туғилган жой ёхуд Занжирсарой қиссаси», «Амир Темур ватани», «Қашқадарё истиқлол арафасида 1986-1989», «Насаф ва кеш манбалари», «Оқсарой тарихи» асарлари ҳам чоп этилган.


Адибнинг буюк соҳибқирон Амир Темур ҳақида ёзган «Амир Темур сулоласи», «Темурийлар силсиласи» кабиасарлари бизни тарихий ҳақиқатлар билан янада яқиндан таништирди.


У 80 га яқин рисола, 20 га яқин дарслик муаллифи, 500 тарихий қисса, 5000 дан ортиқ илмий-оммабоп мақолаларни нашр қилдирган.


2020 йил 23 август куни вафот этган.