Савол: Таҳажжуд намозининг фазилати ҳақида кенгроқ маълумот беринг.
Жавоб: Сизга бу ҳақдаги оят ва ҳадисларни келтириб ўтамиз.
Таҳажжуд намози учун уйқудан турган мўмин ва мўминаларни Аллоҳ таоло Сажда сурасида шундай мақтайди:
“Уларга оятларимиз эслатилганида саждага йиқилиб, ҳар нарсани чиройли ва бенуқсон қилгани учун Раббига мутакаббирлик қилмасдан ёлворадиган кимсаларгина оятларимизга ҳақиқий маънода ишониб-суянадиган мўминлардир. Уларнинг ёнлари ётоқларидан (тунги намоз учун) йироқлашади, улар Раббига қўрқиб ва умидвор бўлиб ёлворадилар ва Биз уларга эриштирган нарсадан (Аллоҳ йўлида) сарфлайдилар. Уларнинг қилаётган амаллари учун мукофот сифатида уларга кўзларини қувнатадиган нақадар гўзал нарса (неъматлар) яшириб қўйилганини ҳеч ким билмайди.” (Сажда 32/15-17)
Таҳажжуд намозининг фазилати ҳақидаги ҳадислардан бири шундай:
“Кечаси уйғониб намоз ўқиган ва аёлини ҳам намоз учун уйғотиб турғизган, уйқусидан уйғона олмаса юзига сув севалаган эрга Аллоҳ марҳамат қилади (Жуда кўп яхшиликлар беради). Кечаси уйғониб намоз ўқиган ва эрини ҳам уйғотган, уйқусидан уйғона олмаса юзига сув севалаган аёлга ҳам Аллоҳ марҳамат қилади (Жуда кўп яхшилик беради.)” (Абу Довуд, Солатут-татоввуъ)
Яна бир ҳадис шундай:
“Кимки кечаси ўзи ҳам уйғониб, аёлини ҳам уйғотиб икки ракаат намоз ўқиса, Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёллардан деб ёзилади.” (Абу Довуд, Витр 13)
Таҳажжуд намози ҳақида Оиша онамиз р.а.дан қилинган ривоят шундай:
“Тунги намозни асло тарк қилма. Чунки Расулуллоҳ а.с. у намозни асло тарк қилмаган. Бемор ёки чарчаган бўлса ўтириб ўқир эди.” (Абу Довуд, Солатут-татоввуъ)
Таҳажжуд намозига тарғиб қилувчи оятлар учун қаранг: Муззаммил 73/20, Фурқон 25/63-63, Зориёт 51/17-18, Оли Имрон 6/16-17.
Қуръони Каримдаги Исро сурасининг 79-оятида кечаси уйқудан уйғониб Аллоҳга ибодат қилишни Аллоҳ таоло айнан Расулуллоҳ учун қўшимча вазифа қилиб буюрган. Ана ўша намозга таҳажжуд намози дейилади. Бу намозни Расулуллоҳ а.с. умматларига ҳам жуда кўп тавсия қилиб буюрган. Таҳажжуд намознининг фазилати ҳақидаги бир ҳадис қуйидагича:
“Фарз намозидан кейин энг фазилатли намоз кеча намозидир.” (Муслим Сиям, 202, (1163,) 203)
Абдуллоҳ ибн Умар р.а. бир куни тушида ўзини жаҳаннамда кўргани ва унга бир фаришта яқинлашиб: “қўрқма” деганини Набий а.с.га айтиб беради. Шунда Набийимиз шундай дейди: “Абдуллоҳ қандай ҳам яхши инсон. Лекин, кечаси уйғониб намоз ўқишни одат қилиб олса эди, қандай ҳам яхши бўлар эди.” Абдуллоҳ ибн Умар ўшандан кейин кечаси уйқусидан (намоз учун) озайтирган.” (Аз-Забибий, Саҳиҳи Бухорий 576)
Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ шундай буюрган:
Жуда ҳам кўп фазилатга эга бўлган бу намоз, биздан аввалги солиҳ қуллар адо этиб келган, Аллоҳни розилигига яқинлашишга васила бўлган, гуноҳларни тўсган ва гуноҳларга монеъ бўлган бир ибодатдир. (Термизий, Даавот 115)
Билол р.а.дан қилинган ривоятга кўра Расулуллоҳ шундай деган:
“Расулуллоҳ оёқлари ишиб кетгунга қадар кечалари туриб намоз ўқир эди. У кишига: “Аллоҳ сизни ўтмишдаги ва келажакдаги гуноҳларингизни афв этди-ку! (нега ўзингизни бунчалик қийнайсиз?), дейилди. Шунда Расулуллоҳ: “Шукр қилувчи қул бўлмайинми?”-деб жавоб берди.” (Бухорий, Таҳажжуд 16, Тафсири Фатҳ 1, Риқоқ 20; Муслим, Сифатул-мунафиқийн 79; Термизий, Солат 304, (412; Насоий,Қиямул-лайл 17).)
Демак, таҳажжуд намозини Аллоҳдан мағфират тилаганлар ҳам, бахт тилаганлар ҳам, унга берилган неъматлар учун шукр қилмоқчи бўлганлар ҳам ўқиб юриши керак бўлган жуда ҳам катта фазилатга эга бўлган бир ибодатдир.
Таҳажжуд намози ҳақида бундан бошқа яна кўплаб ҳадислар бор, лекин Аллоҳнинг самимий қуллари мана шулардан ўзига етарлича насиҳат чиқариб олади деган умиддамиз.